Молдова Президенти Майя Санду республика ҳукумати ҳар доим Россия қўшинларининг Приднестровьедан олиб чиқиб кетилишини талаб қилиб келган, деб баёнот берди.
"Биз ҳар доим россиялик қўшинларнинг Приднестровьедан олиб чиқиб кетишини ва у ердаги қурол-яроғ ва ўқ-дориларни утилизация қилишни талаб қилиб келганмиз. Биз ушбу можарони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдоримиз. Муаммо дипломатик, сиёсий, тинч ечимини топиш ва ҳаётга жорий қилиш учун барча имкониятни ишга соламиз", – деди Молдова раҳбари Кишинёвга ташриф буюрган Руминия Президенти Клаус Йоханнис билан музокара ўтказгандан кейин уюштирилган матбуот анжуманида.
У Европа Кенгашининг Парламентлар ассамблеяси (ПАСЕ) декларациясини шу тарзда изоҳлади. Мазкур ҳужжатда Приднестровье “Россия босиб олган ҳудуд” деб таъкидланади. Ҳеч бир давлат тан олмаган Приднестровье республикаси 1990 йил 2 сентябрда Молдова ҳудудида Днестр дарёсининг сўл соҳилида ташкил этилган. У ерда русийзабон аҳоли кўпчиликни ташкил этади.
Приднестровьега 1,5 минг кишидан иборат Россия қўшинларининг тезкор гуруҳи ҳам жойлаштирилган. Улар тинчликпарварлик миссиясини бажариб келади.