Молдова ҳукумати 2025-2035 йилларга мўлжалланган ҳарбий стратегияни тасдиқлади. Мамлакат Бош вазири Дорин Речан айтишича, ҳужжат мудофаа бюджети миқдори, ҳарбий хизматчилар ва фуқаролик мутахассислари сонини босқичма-босқич ошириш, технологияни такомиллаштириш ҳамда соҳани халқаро стандартга мослаштириш назарда тутилган.
– Ҳарбий стратегия бир овоздан қабул қилинди, – деди Речан ҳукумат йиғилишида. – Биз миллий армиямизни ривожлантириш, ватанимизни ҳимоя қилиш, глобал тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшишда давом этамиз.
Йиғилиш Вазирлар Маҳкамаси сайти орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди. Стратегиянинг тушунтириш хатида Қуролли кучларни ривожлантиришга қаратилган 18 устувор йўналиш белгилангани таъкидланган.
Ҳукумат армияни ташкилий ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш билан бирга, ўтган йил охирида қабул қилинган мудофаа стратегиясида режалаштирилганидек, мудофаа бюджетини ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизигача босқичма-босқич оширишни мўлжаллаяпти. Ҳаво кузатуви ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини, кибер мудофаа ва электрон урушни ривожлантириш, шунингдек таълим ва моддий-техник таъминотни яхшилаш устувор вазифалардан бўлади.
Ҳужжат Молдова мудофаа секторини Европа Иттифоқи стандартига яқинлаштириш, БМТ, ЕХҲТ, ЕИ шафелигидаги халқаро миссияларда иштирок этишни назарда тутади. Шунингдек, ҳарбий салоҳиятни ривожлантириш давлатнинг бетарафлигини ҳурмат қилган ҳолда амалга оширилишини таъминлайди. Конституцияга кўра, Молдова нейтрал давлат. Шунга қарамай, мамлакат 1994 йилдан бери НАТО билан алоҳида режа асосида ҳамкорлик қилиб келмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА