Бухорода 224 минг нафардан ортиқ жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғини муддатидан олдин тўлаган.
Шу кунгача, Бухоро вилоятидаги 539 минг 138 нафар солиқ тўловчилардан 224 минг нафардан ортиқ жисмоний шахслар жорий йил учун ҳисобланган мол-мулк ва ер солиғи тўловларини тўлиқ тўлаб бўлди.
–Таҳлилларга кўра, вилоятдаги 4 та ҳудуд бу борада етакчи, – дейди Бухоро вилояти ДСБ масъул ходими Б.Қудратов. – Хусусан, йиллик ҳисобланган солиқларнинг Когон шаҳри аҳолиси 57 фоизини, Бухоро шаҳри аҳоли 51 фоизини, Қоровулбозор тумани аҳолиси 52 фоизини ва Ғиждувон тумани аҳолиси 51 фоизини тўлаб бўлди. Рақамлар билан айтганда бугунги кунга қадар юртимиз келажаги учун дахлдорлик ҳисси билан яшаётган фуқаролар томонидан қарийб 153,7 миллиард сўмлик солиқ тўловлари амалга оширилган.
Афсуски, вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги мол-мулк ва ер солиғи тўловларини тўлаш мажбуриятига эга солиқ тўловчиларда ана шундай фаоллик сезилмаяпти.
Вилоятдаги 196 минг 557 нафар жисмоний шахс жорий йилда ҳисобланган солиқлар ҳисобидан ҳали бирор сўм ҳам тўлов амалга оширмаган. Ваҳоланки, жорий йилда ҳисобланган солиқларнинг 50 фоизи 15 апрелгача тўланган бўлиши керак эди. Бундай фуқаролар Шофирконда 18 минг 127 нафар, Жондорда 19 минг 237 нафар, Қоракўлда 16 минг 697 нафар, Олот туманида 13 минг 282 нафар ва Пешку туманида 11 минг 441 нафарни ташкил этади.
Маълумот учун, Солиқ кодексининг 423-моддасига биноан, солиқ даври учун солиқни тўлаш тенг улушларда 15 апрелга ва 15 октябрга қадар амалга оширилади.
Унутмаслик керакки тўланаётган солиқлар маҳаллий бюджет даромадларини тўлдиради. Шаҳар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уй-жой коммунал хўжалик объектларини таъмирлаш ва аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондиришга сарфланади.
Зариф Комилов, ЎзА