Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, жорий йил 15 октябрь ҳолатига 173 минг 391 та ташкилотнинг 747 минг 940 ходимида 882 минг 939 солиқ объекти бўйича 831,5 миллиард сўм тўланмаган солиқ қарздорлиги мавжуд.
Шундан 150,8 миллиард сўм – бюджет ташкилотлари ходимлари, 35,8 миллиард сўм – нодавлат-нотижорат ташкилотлари ходимлари, 644,9 миллиард сўм – тижорат ташкилотлари ходимлари ҳисобига тўғри келади.
Тижорат ташкилотлари ходимларининг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича қарздорлиги соҳалар кесимида:
саноат соҳасидаги 20,8 мингта ташкилотда ишловчи 130,1 минг нафар ходимнинг солиқ қарзи – 140,7 миллиард сўм,
қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳасидаги 50,9 мингта ташкилотда ишловчи 88,8 минг нафар ходимнинг солиқ қарзи – 138,6 миллиард сўмни ташкил этади.
Шунингдек, савдо соҳасидаги 41,3 мингта ташкилотда ишловчи 71,6 минг нафар ходимнинг солиқ қарзи – 116 миллиард сўм, қурилиш соҳасидаги 10,1 мингта ташкилотда ишловчи 58,6 минг нафар ходимнинг солиқ қарзи – 90,3 миллиард сўм, ташиш ва сақлаш соҳасидаги 5,4 мингта ташкилотда ишловчи 33,2 минг нафар ходимнинг солиқ қарзи – 30,6 миллиард сўм.
Яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасидаги 9,2 мингта ташкилотда ишловчи 16,5 минг нафар ходимнинг солиқ қарзи – 28,5 миллиард сўм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги 4,3 мингта ташкилотда ишловчи 10,4 минг нафар ходимнинг солиқ қарзи – 11,7 миллиард сўм, ахборот ва алоқа соҳасидаги 2,2 мингта ташкилотда ишловчи 9,6 минг нафар ходимнинг солиқ қарзи – 8,7 миллиард сўмни ва бошқа фаолият турлари соҳасидаги 16,8 мингта ташкилотда ишловчи 65,4 минг нафар ходимнинг солиқ қарзи – 79,8 миллиард сўмни ташкил этади.
Ходимлари энг кўп солиқ тўлаши лозим бўлган ташкилотлар:
"Темирйўлларинфратузилма" АЖ - 4 миллиард сўм,
"Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ - 3,3 миллиард сўм,
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ - 3,3 миллиард сўм.
Ш.Маматуропова,
ЎзА