Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан Миллий матбуот марказида таниқли журналист Шарофиддин Тўлагановнинг “Бу сирли дунё” китоби тақдимоти ўтказилди.
Устоз журналист Шарофиддин Тўлагановнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда Уюшма масъуллари, оммавий ахборот воситалари бош муҳаррирлари, журналистлар, жамоатчилик фаоллари ва блогерлар иштирок этди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган бу тадбирнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, устоз журналист Шарофиддин Тўлагановни янги китоби ва қутлуғ 60 ёшга тўлгани билан қутлади.
– Халқаро мавзуларда узоқ йиллардан буён қалам тебратаётган моҳир журналист, “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг илк совриндорларидан бири бўлган Шарофиддин Тўлагановнинг ижод йўли бугун ёш журналистлар учун ўзига хос ўрнакдир, – деди Х. Салимов. – Муаллифнинг элликдан ортиқ мақолалари жамланган “Бу сирли дунё” китоби амалий журналистика учун ҳам, спичрайтерлик йўналиши учун ҳам жуда фойдали қўлланма бўлибди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков, “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов ва бошқалар Шарофиддин Тўлагановнинг журналистикамиз ривожига қўшган ҳиссаси, китобларининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапирдилар.
–Шарофиддин улғайган замин ўзбек журналистикаси, адабиёти, маданиятига етук истеъдодларни етказиб берган, – деди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов. – Шарофиддин ҳам шуларнинг бири. У ижодда ўз ўрнини топган журналист. Шарофиддин миллатимиз тақдирига дахлдор кўплаб долзарб мақолалар, журналистлик материалларни тайёрлаб келаётганига гувоҳмиз.
– Ижодкор ёзганида унинг руҳияти, характери, орзулари, мақсади, шахсияти кўриниб туради, – деди "Ишонч"- "Ишонч-Доверие" газеталарнинг бош муҳаррири, устоз журналист Ҳусан Эрматов.– Шарофиддин ака чин ватанпарвар, маърифатнинг ҳақиқий тарғиботчиси, юзи ёруғ ижодкор. У ўз халқига, касбига, ижодига хиёнат қилмаган инсон. Адабиёт ўз йўлига, лекин журналист ёзган китобда унинг даврга муносабати, замон нафаси сезилиб туради.
Таъкидлаш жоизки, “Бу сирли дунё” китобида муаллиф йил давомидаги муҳим саналар — миллий ва халқаро байрамлар, жаҳон миқёсида нишонланадиган кунлар моҳиятини очиш орқали инсониятнинг тарихий эврилишлари, кўп қиррали муносабатлар тизимлари силсиласини ўзининг мустақил журналистик нигоҳи ва инсоний қалб призмасидан ўтказган.
Давлатлар ҳақида сўз борганда, муаллиф, албатта, ўша мамлакатнинг Ўзбекистон билан икки томонлама алоқалари тарихи ва ҳамкорлик динамикасига қисқача тўхталиб ўтмасдан кетмайди. Кўп ишлатиладиган, бироқ оддий ўқувчига нотаниш сўзларнинг маъносини ва келиб чиқиш илдизини изоҳлаб беради, инглиз тилида ифода этилиши ва глобал тенденцияларни ифодалашга уринади.
Тўпламда мавзулар кўлами ранго-ранг, қамров географияси кенг, мушоҳада чуқур. Уларда атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгаришлари оқибатларидан тортиб, умуминсоний қадриятлар емирилишигача, интернет юзага келтираётган оғриқли муаммолар ва геноцид қурбонларидан тортиб, атом электр станциялари фожиалари, цивилизациялар ўртасидаги курашлар авжланаётгани, турли минтақалардаги мураккаб геосиёсий зиддиятларгача батафсил қамраб олинади.
Тадбирда устоз журналист Шарофиддин Тўлаганов ижоди, унинг янги китоби хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА