Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24-25 июнь кунлари Мўғулистонга давлат ташрифи чоғида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида қатор келишувларга эришилди.
Айниқса, Президентимизнинг 2025 йил 17 июлдаги “Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, чорвачилик тармоғини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтармоқда. Яъни мазкур давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Хусусан, ушбу мамлакатдан 100 минг бош майда шохли молни олиб келиш ва маҳаллий шароитда наслчилик-селекция ишлари ёрдамида кўпайтириш орқали уларнинг сонини 2029 йил якунига қадар 1 миллион бошга етказиш, босқичма-босқич жун ва кашемирни қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш белгиланди. Шу асосда Тахтакўпир туманидаги “Монголия чорва” масъулияти чекланган жамияти раҳбари бошлиғи, Ўзбекистон Қаҳрамони Сарсенбай Сейтназаров 2 миллиард 144 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан Мўғулистондан 1000 бош наслли қўй олиб келди. Уларнинг афзаллиги қаттиқ совуқ ва иссиққа чидамли бўлиши билан Оролбўйининг иқлим шароитига тез мослашади.
[gallery-26229]
Бугунги кунда бундай лойиҳалар, имтиёзли кредитлар мамлакатимизда чорвачиликни янги босқичга олиб чиқиб, наслчиликни ривожлантиришга, экспорт имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради. Фермер келтирилган қўйларни маҳаллий ветеринария мутахассисларига кўрсатиб турли касалликларга қарши эмлаш ишларини бошлаб юборган.
– Мазкур қарор асосида тадбиркорларга қатор имтиёзлар берилган. Жумладан, Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга камида 1 000 бош импорт қилган тадбиркорлик субъектларига наслчилик ва селекция ишларини ривожлантириш орқали импорт қилинган майда шохли молларнинг бош сонини кўпайтириб бориш, яйловларда озуқабоп ўсимлик турларидан бўлган изен, терескен, қуйровуқ, камфоросма, чўғон, эркак ўт, оқ (қора) саксовул экилишини ташкил қилиш шартлари асосида тўғридан-тўғри ижарага берилади, – дейди фермер Сарсенбай Сейтназаров.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Баяд” зотли қўйлар юқори сифати, жуни, кўп гўшт бериши ва тез кўпайиши билан ажралиб туради. Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида 8 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан Мўғулистондан 9 минг 700 бош “Баяд” зотли қўйларини олиб келиш бўйича шартномалар тузилган. Демак бу йўналишдаги ишлар давом этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/D_dt5KzoA4o" title="Mo‘g‘ulistondan 1000 bosh naslli qo‘y olib kelindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА мухбирлари