Жаҳон миқёсида кончилик саноати глобал иқтисодий ривожланишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор технологиялар ва инвестициявий имкониятларни жалб этиш мақсадида турли йирик кўргазмалар ташкил этиб келинмоқда.
Бугун Мўғулистонда ўз ишини бошлаган “Mining Week & MinePro 2025” халқаро кончилик кўргазмаси ҳам бу ишлар кўламини кенгайтиришда катта аҳамиятга эга.
Тўртинчи бор ташкил этилаётган ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон илк бор имкониятларини намойиш этмоқда.
Унда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, “Навоийуран” ДК, Навоий КМК, Олмалиқ КМК, “Ўзбекистон металлургия комбинати ҳамда “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ иштирок этиб, мамлакатнинг геология ресурслари ва кончилик салоҳиятини халқаро майдонда тақдим этяпти. Шунингдек, жорий йилда ҳукумат қарори билан ташкил этилган "Uzbek Overseas Geology Company" хорижий геология компанияси ҳам илк бор мазкур кўргазмада қатнашмоқда.
Айни пайтда Мўғулистонда бўлиб турган компания ахборот хизмати раҳбари Севара Тўлаганова ушбу кўргазма ҳақида ўз фикрини билдирди.
–Бу кўргазма Ўзбекистон учун кончилик соҳасидаги имкониятларимизни халқаро майдонда намойиш этиш, хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади. Айниқса, “Uzbek Overseas Geology Company”нинг иштирок этиши юртимизда геология соҳасини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишда муҳим қадамдир, – деди у.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг “Mining Week & MinePro 2025” халқаро кўргазмасига қўшилиши мамлакатнинг кончилик салоҳиятини намойиш қилиш билан бирга, янги шериклар ва инвестициявий имкониятлар эшигини очади. Бу эса миллий иқтисодиёт тараққиётида яна бир муҳим қадам сифатида тарихга киради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА