Тарихда илк бор 30 давлатнинг аёл ташқи ишлар вазирлари йиғилиши ўтказилмоқда. Анжуман Улан-Баторда Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунхийн Батцэцэг ташаббуси билан ташкил этилди, деб ёзди «ТАСС».
Германия ва Франция томонидан қўллаб-қувватланаётган учрашувда, табиийки, ушбу мамлакатлар ташқи сиёсат идораси раҳбарлари Анналена Бербок ва Катрин Колонна ҳам ҳозир бўлган.
Конференция очилишида Буркина-Фасо, Индонезия, Лихтенштейн, Жанубий Африка Республикаси вакиллари, Австралия ва Мозамбик мамлакатларининг Мўғулистондаги элчилари, БМТ вакиллари бевосита қатнашади. Ўндан зиёд давлатлар ТИВ раҳбарлари анжуман билан онлайн боғланиши кутилмоқда.
Тадбирда дунё тинчлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашда хотин-қизлар иштироки, иқлим ўзгариши муаммоси, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи муҳокама қилинади.
Батмунхийн Батцэцэг хоним маълумот беришича, Осиёда биринчилардан бўлиб Мўғулистоннинг 1924 йилдаги биринчи конституциясида аёллар учун тенг ҳуқуқлилик белгилаб берилган. Ҳозир хотин-қизлар мамлакат парламентида 17 фоизни, ҳукуматда эса 14 фоизни ташкил этади. Мўғулистоннинг 31 давлатдаги элчиларидан олти нафари аёл. 2022 йил илк бор аёл киши вилоят ҳокими этиб тайинланди.