Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Модулли меҳмонхона қуриш ва жиҳозлаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди
15:25 / 2024-09-13

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, 2024 йил 1 октябрдан 2026 йил 31 декабрга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш (реконструкция қилиш бундан мустасно) харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан бир марталик субсидия ажратилади.

Субсидия 2024 йил 1 октябрдан 2026 йил 1 ноябрга қадар бўлган муддатда мувофиқлик сертификати берилган янги ташкил этилган ҳамда камида 10 та модулдан иборат бўлган модулли мехмонхонада яратилган ҳар бир жой учун 1 млн сўм миқдорида белгиланади. 

Қарорга мувофиқ, Модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди. Вақтинчалик низомда:

субсидия бериладиган тадбиркорлик субъектларига қўйиладиган талаблар;

субсидия олиш учун ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби;

субсидия ажратишни рад этиш асослари;

субсидия сифатида ажратилган маблағларни тадбиркорлик субъектларига ўтказиш тартиби белгилаб берилган.

Қарорга кўра:

модулли меҳмонхона субсидия ажратилган даврдан бошлаб беш йилдан кам бўлмаган муддатда фаолият юритиши лозим;

белгиланган талабга риоя этилмаган тақдирда, ажратилган субсидия модулли меҳмонхона фаолият юритган даврга мутаносиб равишда чегирилган ҳолда, қолган маблағлар тадбиркор томонидан Жамғармага қайтарилиши шарт. Бунда Жамғармага қайтариладиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси қарорига мувофиқ тадбиркорлик субъекти томонидан ўн иш кунида Жамғарманинг махсус ҳисобварағига ўтказилиши лозим;

маблағлар Жамғармага белгиланган муддатда ёки тўлиқ қайтарилмаган тақдирда, Туризм қўмитаси белгиланган тартибда уларни ундириш чораларини кўради.

Ушбу Вақтинчалик низом 2026 йил 31 декабрга қадар  амал қилади.

ЎзА