French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Модернизация: аэрогеофизик усуллар ер қаърини қисқа муддатда ўрганиш имкониятини яратди
18:57 / 2021-10-27

Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан 2016-2021 йиллар мобайнида соҳани модернизациялаш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва тармоқ корхоналари трансформацияси борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги “Геология соҳасига инвестицияларни фаол жалб этиш, тармоқ корхоналарини трансформация қилиш ва республика минерал-хомашё базасини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу ишларни самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси ўринбосари Шамсиддин АЛИМОВ билан ЎзА мухбирининг суҳбати айнан шу масалалар хусусида бўлди.

– Давлатимиз раҳбарнинг 2021 йил 21 апрелдаги қарорида геология соҳаси корхоналарини илғор халқаро тажриба асосида трансформация қилиш орқали уларда самарали бошқарув тизимини жорий этиш, фойдали қазилмаларнинг янги конларини очишга йўналтирилган геология-қидирув ишлари таннархини пасайтириш, конларни саноатда ўзлаштириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш каби вазифалар белгиланган, – деди Ш.Алимов. 

– Шунингдек, ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратишга кенг аҳамият қаратилган. Шу талаблар асосида қўмита томонидан соҳа ривожи бўйича сезиларли ютуқларга эришилди.

Масалан, модернизация бўйича олдинги 5 йил (2011-2016 йиллар)да 106 миллиард сўм берилган бўлса, 2017-2020 йилларда 4 марта кўп, яъни 375 миллиард сўм ажратилди. Бу эса геология-қидирув ишларида энг илғор ускуна ва инновацион методларни қўллаш орқали салмоқли натижаларга эришишга замин яратди.

Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, 70 та бурғилаш ускунаси жорий этиш орқали унумдорлик 125 фоизга ошди. Керн чиқиши 95 фоизга етказилди, бу олдинлари 70-80 фоиз атрофида эди. 167 та лаборатория ускуналари ишлатиб, намуналар тайёрлаш жараёни 130 фоизга, таҳлил жараёни 140 фоизга ҳамда таҳлил элементларни 40 дан 63 тага кўпайганини таъкидлаш лозим.

– Ўзбек мутахассислари Марказий Осиёда илк бор замонавий аэрогеофизик усуллар мажмуини ишга туширгани соҳа ривожида қандай қулайликларга хизмат қилмоқда?

– Умуман олганда, янги ускуналарни амалиётга татбиқ этиш натижасида инсон омили камайтирилди. Жараённинг автоматик рақамли электрон базасини шакллантириш ва геологик маълумотларнинг ишончлилик даражасини ошириш имконини берди. Ускуналар ва махсус техниканинг эскирганлик даражаси ҳам 82 фоиздан 56 фоизга тушди.

2019 йилда Марказий Осиёда илк бор замонавий аэрогеофизик усуллар комплекси ишга туширилиб, инновацион усулларда ер қаърини ўрганиш жорий этилди. Вертолётга осилган геофизик ускуна орқали Қурама ҳамда Зиёвиддин тоғларида жами 1600 квадрат метр, 2020 йилда 7000 квадрат метр майдонда аэрогеофизик таҳлил-ўлчов ишлари ўтказилди. Анъанавий усулда 1000 квадрат километр 4 йилда ўрганилган бўлса, бу иш янги усул билан бор-йўғи 1-2 ой вақтда амалга ошмоқда, харажат 4-5 баробар арзонлашди.

Янги усул ва технологиялар қўлланиши натижасида бюджет маблағлари ҳисобидан 90 та янги кон бўйича захиралар оширилиб, давлат захиралари балансига қўйилди. Жумладан, 2016 йилда 7 та, 2017 йилда 12 та, 2018 йилда 13 та, 2019 йилда 17 та, 2020 йилда 18 та, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида 8 хил қазилма захиралари ўстирилди.

– Геология соҳасига халқаро стандартларни жорий қилиш ишлари қандай ташкил этилмоқда?

– Албатта, соҳага халқаро стандартларни жорий қилиш ҳам бизнинг асосий ишларимиздан. Шу сабабли, геология соҳасига халқаро стандартларни татбиқ этиш бўйича Давлат геология қўмитаси, Олмалиқ ва Навоий кон-мателлургия комбинатларининг иқтидорли геологларидан 56 нафари JORC кодекси талаблари асосида ўқитилди. Бугунги кунда 2 та олтин ва рангли металл конлари захиралари халқаро талаблар асосида қайта ҳисобланди. 2022 йил охиригача 17 кон захираси қайта ҳисобланиши кўзда тутилмоқда. 

– Бугунги кунда тизимни ривожлантириш бўйича трансформация ишлари давр талабига айланмоқда. Айтингчи, тармоқ корхоналари трансформацияси борасида қандай натижаларга эришилди?

– Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелдаги қарори билан белгиланган чора-тадбирлар асосида қўмитанинг 25 та давлат корхонаси 12 тага оптималлаштирилди, “Ўзбек геология қидирув” АЖ ташкил этилди. Ўтган даврда “PwC” (Pricеwatеrhousе Coopеrs) консалтинг компанияси билан музокаралар олиб борилди ва “Ўзбек геология қидирув” АЖ фаолиятини халқаро стандартларга асосан юқори даражада йўлга қўйиш, операцион самарадорликни ошириш ҳамда ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқишга келишилди.

Унга кўра, жараён 2 босқичда амалга оширилади. Бунда жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида жамият стратегияси, яъни “Йўл харитаси”, стратегик ташаббус ва молиявий модель ишлаб чиқиш ва август-сентябрь ойларида “Ўзбек геология қидирув” АЖ операцион моделини ишлаб чиқиш ва фаолиятини оптималлаштириш вазифалари белгиланган.

Ҳозир бу бўйича ишлар режа асосида амалга оширилмоқда. Кейинчалик эса “PwC” тажрибасини қўмитанинг бошқа ташкилотларига татбиқ этиш ва улар фаолияти самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.