Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Модалар намойишидан мақсад нима?
13:57 / 2021-05-11

Миллий матбуот марказида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Haidallimodels” модел агентлиги ҳамда дизайнерлар, мода мутахассислари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда 2021 йил 17 май куни Тошкент шаҳридаги Зарқайнар мажмуасида “The Fashion Show Line 2021” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтадиган “Миллий анъаналар – замонавий услубда” деб номланган модалар намойишига тайёргарлик жараёнлари, бугунги кунда миллий мода оламида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Дизайнерлик ишланмаларини жорий этиш бошқармаси бошлиғи Камола Ғуломова, “The Fashion Show Line 2021” тадбирининг асосий ташкилотчиси, “Haidallimodels” агентлиги раҳбари Умида Қорабоева соҳада амалга оширилаётган ишлар борасида тўхталиб ўтди.  

Қайд этилдики, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган 7,5 мингдан зиёд тўқимачилик корхонасида 360 мингдан ортиқ фуқаро иш билан таъминланган. Мазкур тўқимачилик корхоналарида ишлаб чиқарилаётган мато ва кийим-кечак маҳсулотлари миллий анъаналаримизни ўзида ифода этмоқда. Уларнинг аксарияти бренд даражасига етмоқда.  

Миллий маданият ва санъат замонавий ўзбек модельерлари ва дизайнерлари ишига катта таъсир кўрсатди. Аксарият брендлар ўзларининг тўпламларида миллий мавзулардан фойдаланадилар. Бугунги кунда муҳим йўналишлардан бири ҳисобланган аёллар либосларига, замонавий мода йўналишларига миллий қадриятларимизни сингдириш, ёшларда тўғри дидни шакллантириш, виждон ва эътиқод эркинлигига қатъий амал қилган ҳолда “ўзбек миллий модаси”ни яратиш соҳа мутахассислари ва дизайнерларнинг билим ва маҳоратига боғлиқ эканлиги алоҳида қайд этилди.  

Жорий йилнинг 17 май куни бўлиб ўтадиган “Миллий анъаналар – замонавий услубда” деб номланган модалар намойиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистоннинг миллий анъаналари ва маданиятини сақлаш, тарғиб этиш, таниқли дизайнерлар билан бирга, ёш мода олами вакилларини руҳлантиришда муҳим аҳамиятга эга лойиҳадир. Мазкур лойиҳанинг мақсади ёш дизайнерлар ва кийим ишлаб чиқарувчиларни бирлаштириш ҳамда улар орасида соғлом рақобат ҳамда тажриба алмашишни йўлга қўйишдан иборат. Кўргазмада Ўзбекистоннинг таниқли дизайнерлари, ёш дизайнерлар, ишлаб чиқариш корхоналари дизайнерлари “прет-а-порте” ва “Haute couture” йўналишидаги либослар коллекциялари билан иштирок этадилар.  

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, шоу-тадбирда “Йилнинг энг яхши дизайнери”, “Халқаро даражадаги энг яхши дизайнер”, “Йилнинг энг яхши бутиги”, “Йилнинг энг яхши модели” ва бошқа номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади. Ҳар бир тўпламнинг намойиши дизайнер ёки бренднинг театрлаштирилган тарихи билан бирга тақдим этилади.  

Бу каби модалар намойишининг ўтказилиши Ўзбекистон миллий брендларини кенг тарғиб қилиш, танитиш, ёш дизайнерларнинг ишларини кўрсатиш, дизайнерларни бир майдонга йиғиб, янги, замонавий брендларни яратиш, аҳоли орасида кийиниш маданиятини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

2020 йил ноябрь ойидан бошлаб барча вилоят ва туманларда “Нафосат” фестивали ўтказиб келинмоқда. Ушбу фестиваль доирасида модалар оламидаги кўплаб янги номлар, ёш дизайнерлар кашф этилмоқда. Улар “Миллий анъаналар – замонавий услубда” модалар намойишига ҳам таклиф қилинган.  

 

Муҳтарама Комилова,  ЎзА