Яқинда Санкт-Петербург шаҳрида “Мода ҳамдўстлиги” IV халқаро форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда МДҲ давлатларининг мода ва енгил саноат соҳаси вакиллари қаторида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси делегацияси ҳамда бир қатор ўзбекистонлик дизайнерлар иштирок этди.
Форум доирасида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко енгил саноат ва креатив индустрия вакиллари билан учрашув ўтказди. Шунингдек, “МДҲ мамлакатларида енгил саноат ва креатив индустрияни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари” мавзусида махсус сессия ташкил этилди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур форум МДҲ мамлакатларида енгил саноат, текстиль ишлаб чиқариш ва мода индустриясидаги замонавий тенденциялар, креатив ёндашувлар ҳамда қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун муҳим майдондир.
Олдинги йилги форумда 1,5 минг нафардан зиёд иштирокчи қатнашган бўлиб, ўзбекистонлик мутахассислар томонидан 20 дан ортиқ шартнома ва меморандумлар имзолангани, бу йилги учрашувларда ҳам ўзаро манфаатли лойиҳалар муҳокама қилингани айтиб ўтилди.
Уюшма ахборот хизматига кўра, Мазкур халқаро платформа Ўзбекистоннинг текстиль ва мода соҳаларидаги имкониятларини янада кенг намойиш этишга, дизайнерлар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Форумдаги фаол иштирок мамлакатимизда енгил саноат ва креатив индустрияни ривожлантириш, янги бозорларга чиқиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим қадамдир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА