Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Мобил гуруҳ" умумтаълим мактабларига нима беради?
17:36 / 2022-04-23

Олий таълим тизимида умумтаълим мактаблари педагоглари билим кўникмасини ошириш ҳамда янгича ўқитиш услубларини тушунтириш бўйича "мобил методик гуруҳлар" фаолияти йўлга қўйилган.

 Шу асосда Фарғона вилоятининг  Марғилон шаҳридаги 1-, 3-, 14-сонли умумий ўрта таълим мактабларида Фарғона давлат университетининг "мобил гуруҳлари"  фаолият юритмоқда.

Ушбу "мобил гуруҳ" ларга бошчилик қилаётган Фарғона давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Баҳодиржон Шермуҳаммадов ўзаро мулоқотларда мактаб жамоасига педагогик маҳорат борасида методик тавсиялар бериб борар экан, олий таълим ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, мобил гуруҳлар имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш, таълим тизимидаги инновацион ўзгаришларни умумтаълим тизимга тақдим этиш, мактабларга амалий, услубий ёрдам кўрсатиш каби масалаларга алоҳида тўхталди.

Айтиш керакки, университетнинг "мобил гуруҳлари" аъзолари белгиланган умумтаълим муассасаларида таҳсил оладиган ўқувчилар учун кўчма "Олий таълим муассасилари кунлари" ни ташкил этишда ва ўқувчиларни олий ва касбий таълимга йўналтиришга қаратилган тарғибот ишларини амалга оширишда жонбозлик кўрсатмоқда. Бунда мактабларда фаолият олиб бораётган ўқитувчилар билимини диагностикадан ўтказиш, диагностика натижасида аниқланган бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган ўқув машғулотларини ташкил этиш, илғор методикалар ва инновацияларга ўргатиш тизимини йўлга қўйиш ишлари амалга оширилмоқда.

Мактабларда педагогик жамоалар билан мулоқот олиб борган университет раҳбари ўқитувчиларга гуруҳ мақсадларини тушунтирар экан, халқ таълими тизимидаги умумтаълим муассасалари ўқитувчилари билим кўникмасини ошириш ҳамда янгича ўқитиш услубларини жорий этишнинг аҳамиятини амалий мисолларда  очиб берди.

Бунда она тили ва адабиёти, чет тиллари, тарих, математика, информатика, физика, кимё, биология ва география фанлари ўқитувчиларнинг билимини оширишга қаратилган ўқув машғулотларини ташкил этиш, Халқ таълими вазирлигининг "Узлуксиз касбий ривожланиш" платформаси орқали педагогик компетенцияларнинг даражасини ошириш, илғор методикалар ва инновацияларга ўргатиш тизимини йўлга қўйиш вазифалари моҳияти ҳам тушунтириб берилди.



Эндиликда ушбу гуруҳлар ёрдамида ўқувчилар учун туманда кўчма "Очиқ эшиклар куни" тадбири ташкил этиб борилади ва ўқувчиларни олий ва касбий таълимга йўналтиришга қаратилган тарғибот ишлари амалга оширилади. Бунда мобил гуруҳга жалб қилинадиган профeссор-ўқитувчилар ўқув курсларида дарс машғулотларини олиб бориш учун илғор педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда интенсив ўқув курси дастурини ишлаб чиқади. Гуруҳ раҳбари томонидан белгилаб берилган фанлар бўйича тасдиқлаб берилган тақвим режа ва соатга мувофиқ мактаб ўқитувчилари учун ўқув машғулотларини ўтиб беради.

М. Сулаймонов, 
ЎзА