Маълумотларга кўра, йилдан-йилга дунё аҳолиси интернетдан кўпроқ фойдаланмоқда. Ҳозирги кунда мобиль интернет ва интернетга стационар симсиз уланиш технологияси фойдаланувчилари бир ой ичида 108 ексабайт ёки бошқача қилиб айтганда, деярли 116 миллиард гигабайт интернет сарфлашмоқда.
Сўнгги икки йил ичида бу кўрсаткич икки баробарга ошди.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг маълумотларига кўра, 2022 йилда мамлакатимизда мобиль алоқа фойдаланувчиси ойига ўртача 8,5 GB сарфлаган.
Халқаро экспертлар 2023 йилда дунёда битта смартфонга ойига ўртача 19 GB интернет-трафик тўғри келишини башорат қилишмоқда. Бу шуни англатадики, абонентларнинг сифатли ва қулай интернетга бўлган эҳтиёжи йилдан-йилга ўсиб боради.

Интернет-трафик истеъмолининг фаол ўсиб бориши Mobiuz мобиль оператори тармоқларида ҳам кузатилмоқда.
Хусусан, 2021 йилга нисбатан ўтган йили абонентлар 70 фоизга кўпроқ интернетдан фойдаланган. Aсосий ўсиш динамикаси видеоконтент ва видеосервислар ҳисобига тўғри келмоқда. Бундай ҳолатда алоқа сифатини таъминлаш масаласи муҳим ўрин тутади.
Шу ўринда айтиш керак, 2021-2024 йилларда Mobiuz мобиль оператори Хитой Халқ Республикасидаги ҳамкорлари билан умумий қиймати 150 миллион долларлик йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу маблағларнинг барчаси компаниянинг техник ривожланишига, хусусан, 5G ва бошқа янги технологияларни жорий этиш, 4G LTE тармоғини кенгайтириш, мавжуд ускуналарни модернизация қилиш каби соҳаларга йўналтирилмоқда.
2022 йилда Mobiuz Техник блоки томонидан республикамизнинг шаҳар, туман ва қишлоқларида 2600 дан зиёд янги ва модернизация қилинган таянч станциялари ишга туширилди. 580 дан кўпроқ янги майдонлар (жойлар)да таянч станцияларини ишга тушириш лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди.
Натижада, Mobiuzнинг 4G LTE тармоқлари қамрови Ўзбекистон аҳолиси яшайдиган ҳудудларнинг 90 фоизига етди. Шу билан бирга, Mobiuzнинг умумий интернет-трафигида тўртинчи авлод тармоқларининг улуши 76 фоизни ташкил этди ва ўсишда давом этмоқда.
Қиёслаш учун ўтган йилнинг бошида бу кўрсаткич 63,6 фоизни, бир йил аввал эса 30 фоиздан ҳам пастроқ эди. Умумий қилиб айтганда, йилдан-йилга абонентлар 4G LTE интернетидан кўпроқ фойдаланмоқда.
Эътиборли жиҳати, бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар қатор устувор вазифаларни ҳал этишга қаратилган. Йирик шаҳарлар ва вилоят марказларида тармоқлар сиғимини янада ошириш, мобиль интернет барқарорлигини таъминлаш, сигнал йўқолиб қолиши мумкин бўлган ҳудудларни қисқартириш мақсад қилинган.
Туман ва қишлоқларда эса компания 4G LTE қамровини кенгайтириш сари одимлаб бормоқда. 2022 йилнинг ўзида 200 дан кўпроқ аҳоли пунктларида 4G LTE тармоқлари илк бор ишлай бошлади.

Mobiuz 5G тармоғини Тошкент шаҳрида тижорий ишга тушириши, шунингдек, Самарқандда синов тарзида ишлатиши ўтган йилнинг муҳим технологик янгиликларидан бири бўлди.
Ҳозирда Mobiuzнинг 5G тармоғи Тошкентда энг кенг қамровга эга – 14 та таянч станцияси ишлаб турибди.
Шу ўринда айтиш лозим, Mobiuz инновацияларга йўналтирилган оператор сифатида 2022 йилда мамлакатимизда биринчи бўлиб VoLTE ва ViLTE технологиялари имкониятларини намойиш этди.
Самарқандда бўлиб ўтган ICTEXPO-2022 кўргазмаси меҳмонлари 4G LTE тармоқлари орқали овозли ва видео қўнғироқларни амалга ошириш имконига эга бўлди. Ҳозирда технологиялар синовдан ўтказилмоқда.
Жорий йил Mobiuz мобиль операторининг техник ривожланишида муҳим ўрин тутади. Маълумот узатиш хизматларини асосан 4G LTEга, шунингдек, 5Gга ўтказишни давом эттириш режалаштирилган. Камида 500 тадан кам бўлмаган янги техник объектларни қуриш ва ишга тушириш, транспорт тармоқлари, коммутация ва бошқа ускуналарини, биллинг тизимини янада модернизация қилиш кўзда тутилган.
Г.Сатторова, ЎзА