“ММФИ” МТЯУ Тошкентдаги филиалига 100 талаба грант асосида ўқишга киради
Энг кўп балл олган 100 талаба ММФИ МТЯУ Тошкент шаҳридаги филиалида давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Бугун, 24 август куни “Москва муҳандислик физика институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентдаги филиали янги 2020-2021 ўқув йилига кириш имтиҳонларини бошлади. Имтиҳонлар ЎзМУ талабалар шаҳарчаси майдонида 29 августгача бўлиб ўтади.
“Ўзатом” агентлигининг маълум қилишича, абитуриентларнинг ҳужжатлари 1 августга қадар ушбу олий ўқув юртининг сайти орқали “Ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси”, “Ядро физикаси ва технологиялар”, “Иссиқлик энергияси ва иссиқлик физикаси”, “Электр энергетикаси ва электротехника” йуналишларига бакалавриат мутахассисликлари бўйича масофадан амалга оширилган.
Бу йил қабул комиссияси томонидан 731 абитуриент ҳужжати қабул қилинди. Улар математика, физика ва рус тили фанларидан имтиҳон топширади. Ҳар бир имтиҳон ёзма равишда олиниб, билимлар савияси 100 балли мезонда баҳоланади. Шу жумладан, ҳар бир имтиҳонда 40 баллик қуйи чегара қўйилган бўлиб, ундан паст балл олган абитуриентлар кейинги имтиҳонга қўйилмайди ва танловда ҳам қатнашмайди. Кириш имтиҳони натижалари ОЎЮ сайтида эълон қилиб борилади.
Энг кўп балл олган 100 талаба ММФИ МТЯУ Тошкент шаҳридаги филиалида давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Узрли сабабларга кўра, имтиҳонларнинг биттасига кела олмаган абитуриент (кириш имтиҳонига келолмаганлигининг асосли сабаблари бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этган ҳолда) захира куни (29 август) имтиҳон топшириш имкониятига эга. Заҳира куни фақат битта имтиҳон топширилади.
Эслатиб ўтамиз, “Москва муҳандислик физика институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентдаги филиали ўз фаолиятини 2019 йилнинг 3 сентябрь куни Ўзбекистоннинг келажакдаги атом электр стансиясига кадрлар тайёрлаш дастури доирасида 1-курсга 100 талаба қабул қилиш билан бошлаган эди.