French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Михаил Смолиннинг ғайриилмий сафсаталари тарихчи олим деган номига доғ туширди
11:25 / 2024-01-29

Яқинда Россиянинг НТВ канали орқали эфирга узатилган интервью, мамлакатимиз олим ва зиёлилари, ҳамюртларимизда катта норозиликларга сабаб бўлди. Эслатиб ўтамиз, россиялик тарихчи Михаил Смолин ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжонлар миллат сифатида 1917 йилга қадар мавжуд бўлмаган, инқилобдан кейингина улар СССР номи билан пайдо бўлган, деган ғайриилмий сафсатани ўртага ташлади.

Тарих фанлари номзоди, публицист ва Россия ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Михаил Смолиннинг илмий ва ижтимоий фаолиятига назар ташласак, унинг бундай фикрларига нималар сабаб бўлгани ўз-ўзидан тушунарли бўлиб қолади. У консерватив фикрловчи Россия империясининг тадқиқотчиси ва ашаддий мухлиси. Барча китоб ва мақолаларини ушбу империянинг тарихига бағишлаб ёзган, унинг изчил тарғиботчиси ҳисобланади. Ачинарлиси, Cмолин ва Прилипин каби шовинистларга Россия медиа майдонида Россия империяси ҳамда Советлар истибдодига қайтишни қўмсовчи “сохта тарихчи ва сиёсатчи”ларга кенг йўл очиб берилган.  

Бунинг устига россиялик расмий масъуллар ҳам давлатлар орасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларига раҳна солувчи бу каби империалистик ва шовинистик чиқишларга нисбатан “бу Россия раҳбариятининг эмас, сиёсатчининг шахсий нуқтаи назари” ёки “бу тарихчининг виждонига ҳавола” қабилида иш тутмоқдалар.  

Энди тарихчи М.Сломиннинг эътиборини ўзбеклар ҳақидаги илмий ва тарихий ҳақиқатларга қаратамиз.  

Ўзида қарлуқ, қипчоқ ва ўғуз шеваси вакилларини бирлаштирган ўзбек халқи номи ва миллат сифатида мавжудлиги жуда қадимий даврга бориб тақалади. Бир халқ тарих давомида турли номларда аталиб келиши бу табиий ҳол. Бу ўринда ўзбек халқи этногенези ва этник тарихи жараёнида асосан туркий этнослар (2 минг йилдан бери мавжуд) кўпроқ ва фаолроқ роль ўйнаганини таъкидлаш муҳим. Милоднинг I асридан Кушон подшолиги давридан бошлаб минтақада туркий элатларнинг фаол миграцияси илк ўрта асрларга келиб туркий этник пластнинг янада кенгайишига олиб келди. 

Энди ўзбек номининг ёзма манбаларда тилга олинишига келсак, у XIV асрга бориб тақалади. Бу ном ўзи билан бирга ўзбек адабий тилининг ҳам шаклланишига хизмат кўрсатди. Адабиётларда “чиғатой тили” (аслида эски ўзбек тили) деб номланган туркий тилларнинг қарлуқ гуруҳига мансуб бўлган ва маҳаллий туркий лаҳжалар негизида ўзидан олдинги даврларнинг адабий-лингвистик анъаналари таъсири остида шаклланган тил бўлиб, XIV асрнинг 2-ярмидан XIX аср охирларигача мавжуд бўлган ёзма китобий тил ҳисобланади. Ўзининг асарларини туркийча/ўзбекча ёки чиғатой тилида битган Ҳайдар Хоразмий, Лутфий, Атоийлар шулар жумласидандир. 

Хоразм ҳудудида эса мумтоз чиғатой тили (эски ўзбек тили)шаклланган ва хоразм ўзбекчаси ёхуд туркийчаси унга асос бўлган деб ҳисобланади. Ҳатто Х асрда Ўзбекистоннинг асосан Хоразм ва қисман кейинги даврларда Зарафшон воҳасида яшаган ўғузларнинг ўзбек атамаси билан боғлиқлиги ҳақида ҳам фикрлар мавжуд. Мовароуннаҳрга келган Ўзбекхон ва унинг одамлари “ўзбек” номининг асосий ташувчилари эдилар. Қорахонийларнинг Амударё – Сирдарё оралиғи ва унга қўшни ҳудудларни қўлга киритиб, Фарғона водийси, Шош (Тошкент), Тароз, Исфижоб (Сайрам) Самарқанд, Бухоро каби минтақанинг йирик ижтимоий-сиёсий ва этномаданий марказларни қўлга киритиши натижасида “хоқония туркчаси” Ўрта Осиёнинг ёзма адабий тилига айланади. 

Бу лаҳжанинг Хоразмда айрим ўғуз ва қипчоқ элементларини олиб, “Хоразм туркийси” номини олиши ва шу тариқа “чиғатой туркийси”га бошланма бериши эса дастлаб Қорахонийлар, бирмунча кейин эса Хоразмшоҳ-Ануштегинийлар давридаги тарихий воқеликлар билан боғлиқдир. Ўзбекистон ва унга туташ ҳудудларда қурилган – Ўғузлар, Қарлуқлар давлатлари, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Ғазнавийлар давлатлари даврида фаол юзага чиққан ва бошқарувни эгаллаган, шу билан бирга мўғуллар билан бирга ёки улардан кейин кириб келган кўп сонли туркий уруғлар XIII асрда азалдан туркий ўқ илдизли Турон (2,5 минг йиллик ном) ёки Туркистон (милоднинг VII асрдан бери мавжуд) аҳолисининг титул номига айлана бошлади. XV асрда Алишер Навоий ғазалларида “Ўзбегим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас” ёки “Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур, муайян турк улуси худ менингдур” мисралари бежизга ёзилмаган. XVII-XVIII асрларда ўзбек номи Европада “Узбекия” номи остида берила бошланди.  

Бу – тарихий ҳақиқат! Минг афсуски, россиялик тарихчи олим ва публицист Михаил Смолин ушбу тарихий ҳақиқатни англашни хоҳламай, ўзининг ғайри илмий сафсаталари билан ўзбек, қозоқ ва озарбайжон ҳалқларига нисбатан туҳмат ёғдирди ҳамда  тарихчи олим деган юксак номга доғ туширди.  

 

Баҳром Абдуҳалимов,  

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг  

вице -президенти,  

тарих фанлари доктори, профессор  

ЎзА