Олис Африка қитъасида жойлашган Миср Араб давлатининг нуфузли “Orascom Investment Holding” компанияси Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани далаларида қанд лавлаги етиштириш ва ундан шакар ишлаб чиқариш борасида ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириши кўзда тутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 29 май куни Миср давлатининг нуфузли “Orascom Investment Holding” компанияси раиси, жаноб Нажиб Савирисни қабул қилиб, учрашув чоғида африкалик инвесторнинг икки томонлама манфаатли йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги режалари кўриб чиқилган эди.
Ушбу икки томонлама манфаатли мулоқотда, компания озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, геология-қидирув ишларини амалга ошириш ва металл конларини ўзлаштириш, замонавий меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш ва бошқариш, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича истиқболли лойиҳалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари билан бўлиб ўтган ушбу ҳар томонлама манфаатли учрашувдан сўнг жаноб Нажиб Савирис бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлди. Вазирликда ўтган учрашувда Миср инвестициялари иштирокида Ўзбекистонда қанд лавлагини етиштириш ва шакар ишлаб чиқариш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида, ўтган 2022 йил давомида мамлакатимизга умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион АҚШ долларига тенг кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинган бўлиб, унинг асосий қисмини гўшт ва дон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи ҳамда шакар ташкил этганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Мазкур ҳамкорлик лойиҳаси учун Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ер майдонлари билан танишиш таклиф этилди. “Orascom Investment Holding” компанияси вакиллари лойиҳанинг дастлабки фазасида тахминан 200-300 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши, 30-50 минг гектар ер майдонида қанд лавлаги етиштирилиши режалаштирилганини маълум қилди.
Эътиборлиси, “Orascom Investment Holding” компанияси Ғаллаорол тумани далаларида қанд лавлаги етиштириш билан чекланибгина қолмай, ушбу қандга бой маҳсулотдан шакар ишлаб чиқариш борасида ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА.