Мисрда комендант соати муддати икки ҳафтага узайтирилди
Комендант соати мобайнида ўта зарур фавқулодда ҳолатлардагина истисно тариқасида ҳаракатланишга рухсат берилади.
Мисрнинг “ал-Йавм ас-саабиʼа” (“Еттинчи кун”) газетаси 9 апрелдаги сонида Миср Бош вазири доктор Мустафо Мадбулийнинг қарорига биноан пайшанба кунидан эътиборан мамлакатда комендант соатига амал қилиш муддати икки ҳафтага узайтирилганини хабар қилди. Комендант соати бутун мамлакатда кечки пайт 20.00 дан эрталаб 06.00 га қадар давом этади.
Мазкур қарордан кўзланган мақсад коронавирус тарқалишига кураш доирасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришдир. Комендант соати мобайнида ўта зарур фавқулодда ҳолатлардагина истисно тариқасида ҳаракатланишга рухсат берилади.
Шунингдек, комендант соатида барча кўнгилочар масканлар, истироҳат боғлари ва умумий овқатланиш шохобчалари ёпилади. Фақат етказиб бериш хизматлари 24 соат мобайнида ишлашига рухсат берилади.
Савдо марказлари ва шохобчалари, хизмат кўрсатиш муассасаларига соат 06.00 дан 17.00 гача ишлашга рухсат этилиб, жума ва шанба кунлари умуман ишламайди. Ишловчилардан тиббий нуқтаи назардан барча эҳтиёт чораларини кўриш талаб этилади.