Мисрнинг жануби-ғарбий чегарасидаги ҳарбий аэродромга Туркияда ишлаб чиқарилган замонавий жанговар дронлар жойлаштирилгани Судандаги фуқаролар урушида кескин бурилиш юз бериши мумкинлигидан дарак бермоқда. Минтақавий экспертлар ва расмий манбалар фикрича, бу қадам Қоҳиранинг можарога билвосита ёрдамдан бевосита ҳарбий аралашувга ўтаётганини кўрсатади.
Нил дарёси ва 1200 километрдан зиёд умумий чегара орқали Судан билан чамбарчас боғланган Миср қарийб уч йилдан буён давом этаётган урушда давлат армиясини сиёсий жиҳатдан қўллаб келади. Илгари Қоҳира очиқ ҳарбий иштирокдан тийилган. RSF – Тезкор ёрдам кучлари Дарфур минтақасида кетма-кет муваффақиятга эришиб, стратегик ҳудудларни эгаллай бошлагач, вазият ўзгаряпти.
Сунъий йўлдош тасвири ва хавфсизлик манбалари қайд этишича, Миср ҳудудидаги Шарқий Овийнат аэродромига “Bayraktar Akinci” русумли дронлар жойлаштирилган. Бундай қурилма узоқ масофага учиш, 24 соат ҳавода қолиш ва турли русумдаги ракета ва бомбаларни ташиш имконига эга бўлиб, Туркиянинг “Baykar” компанияси томонидан ишлаб чиқарилади.

Ҳарбий мутахассислар жойлашуви ва атрофидаги техник жиҳозлардан келиб чиқиб, мазкур ўзи учар учоқлар жанговар амалиётда самарали ишлашини таъкидламоқда.
Миср расмийлари бу тахминни расман тасдиқламаган бўлса-да, ҳарбий доирага яқин манбалар чегарани ҳимоялаш ва “миллий хавфсизликни таъминлаш” учун зарур чоралар кўрилаётганини билдирган. RSF раҳбари эса ўз кучлари қўшни давлатлардан учган дронлар томонидан нишонга олинаётганини иддао қилиб, бундай объектлар “қонуний ҳарбий нишон” сифатида баҳоланишидан огоҳлантирган.
Таҳлилчилар Мисрнинг қатъий позицияга ўтиши Дарфурдаги Ал-Фашир шаҳри қулаши ва ушбу ҳудуддаги бегуноҳ аҳолига қарши содир этилган зўравонлик туртки бўлганига эътибор қаратмоқда. Шу билан бирга минтақада Саудия Арабистони, БАА, Туркия ва АҚШ ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви ҳам вазиятни янада мураккаблаштираётгани айтиляпти.
Хуллас, Судан уруши тобора минтақавий кучлар рақобати майдонига айланиб, зиддият юмшаши ўрнига кенгайиши хавфи кучаймоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА