Миср Араб Респубикасининг “5-seyasa” нашри Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, ICESCO ташкилоти ижроия кенгаши аъзоси Mузаффар Комиловнинг “Ўзбекистон ва Миср: ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий алоқалар ривожида янги давр” номли мақоласини чоп этди.
Мамлакатимиз вакили мазкур нуфузли халқаро нашр орқали Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги кўп асрлик тарихий ва маданий алоқаларни атрофлича таҳлил қилган.
Мақолада ўзаро дипломатик муносабат, иқтисодий ҳамкорлик ва маданий алоқалар ривожланиши жараёни, хусусан Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Абдулфаттоҳ Ас-Сисий раҳбарлигида икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилгани таъкидланган. Савдо-инвестиция шериклиги сўнгги йилларда фаол ривожланиб, товар айирбошлаш, экспорт-импорт кўрсаткичи сезиларли даражада ўсганига эътибор қаратилган. Шунингдек, давлатимиз етакчиси ташаббуси билан қабул қилинган транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, жумладан транспорт тизимини рақамлаштириш ва экология талабига мослаштириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилган. Айни ташаббуслар Марказий Осиё мамлакатларини Хитой, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа бозорлари билан боғлашда стратегик аҳамиятга эга.
Ушбу фикрлар Буюк ипак йўли тарихи ва минтақавий ҳамкорликнинг ўзига хос аҳамиятини кўрсатиб, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий алоқалар барқарор тус олиб, кенг қамров касб этганини тасдиқлайди.
М.Пирматова, ЎзА