Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Мискин – Учқудуқ” темирйўли қурилиши қачон якунланган?
10:11 / 2021-03-17

Ватанимиз тарихидаги 17 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1172 йил (бундан 849 йил олдин) – ҳижрий 567 йил ражаб ойининг ўн тўққизинчи кунида (милодий 1172 йил 17 март) ануштегинийлар сулоласидан бўлган Хоразмшоҳлар давлати ҳукмдори Эларслон Гурганжда вафот этди. Хоразмшоҳ Эларслон отаси каби давлат мустақиллигига тўла эришиш, унинг ҳудудларини кенгайтиришни ўз ҳукмдорлигининг асосий мақсади дея қараган эди. Унинг ҳукмронлиги даврида хоразмшоҳлар давлати Хуросон ерлари ҳисобига маълум даражада кенгайди, хоразмшоҳ билан эса кўпчилик ҳукмдорлар келишиб иш тутишга мажбур бўлишди.

1514 йил (бундан 507 йил олдин) – ҳижрий 920 йил муҳаррам ойининг йигирманчи кунида (милодий 1514 йил 17 март) шайбонийлар сулоласи асосчиси Муҳаммад Шайбонийхоннинг тўнғич ўғли Муҳаммад Темур султон Хутталон вилоятининг Қулоқ даштида ҳалок бўлди.

Шайбонийхондан уч нафар ўғил фарзанд қолган. Муҳаммад Темур Шайбонийхоннинг катта ва тадбиркор ўғли бўлиб, Туркистон шаҳрида туғилган. Шайбонийхон томонидан Хуросон ерлари эгаллангач, Муҳаммад Темурга Самарқанд вилояти туманлари тегди ҳамда у валиаҳд деб эълон қилиниб, унга “хон” рутбаси берилди.

Бироқ Муҳаммад Темур отаси вафотидан сўнг бироз муддат Самарқандни қўлдан бой берди ва кейинроқ Самарқанд туманларида ҳокимиятни яна ўз қўлига олди. Аммо илгари, яъни, отаси даврида Муҳаммад Темур валиаҳд деб эълон қилинганига қарамай, қадимги тўра ва ясоқ қонунига кўра, барча султонлар иттифоқ бўлиб, Шайбонийхоннинг амакиси – ёш жиҳатдан улуғ Кўчкинчи султонни бош хон қилиб кўтаришди. Муҳаммад Темур ва унинг авлодларига тахтга ўтириш насиб этмади.

1941 йил (бундан 80 йил олдин) – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, оператор, режиссёр Даврон Салимов таваллуд топди (вафоти 2009 йил).

1991 йил (бундан 30 йил олдин) – Собиқ Иттифоқда, шу жумладан Ўзбекистонда биринчи марта умумхалқ референдуми ўтказилди. Собиқ Иттифоқ Олий Совети Бутуниттифоқ референдумини Иттифоқ шартномасини ўзгартириш, уни тенг ҳуқуқли суверен республикалар Федерацияси сифатида янгилаш хусусида халқнинг фикрини билиш мақсадида ўтказишга қарор қилди. Ўзбекистон Олий Кенгашининг раёсати ҳам референдум ўтказишни маъқуллади ва Собиқ Иттифоқ Олий Совети томонидан тайёрланган бюллетен билан бирга яна битта қўшимча бюллетенни овозга қўйишга қарор қилди.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси билан Испания Қироллиги ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди.

2001 йил (бундан 20 йил олдин) – узунлиги 224 километр бўлган “Мискин – Учқудуқ” темирйўли қурилиши якунланди.

2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади