Тошкент вилоятида жойлашган “Ohangaron Tech Industrial” технопаркида дастлабки инвестиция лойиҳасининг қурилиш ишларига рухсат берилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчи “Aslservice” МЧЖ Германиянинг “Schneider Electric” компанияси билан қўшма корхона ташкил этиб, дастлабки лойиҳани “Мис саноати кластери” ҳудудида амалга оширадиган бўлди.
Лойиҳа қиймати 50 миллион доллар бўлиб, 21 гектар ҳудудни эгаллайди. Бу ерда электромобиллар учун қувватлаш ускуналари ва кучланиш қурилмалари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бунинг натижасида ҳудуддаги 350 нафар йигит-қиз доимий иш ўрни билан таъминланади.
Бу, албатта, хайрли ишларнинг бошланиши. Ҳали олдинда мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган йирик лойиҳалар бор.
Маълумот учун, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан Оҳангарон туманида умумий майдони 138 гектар бўлган “Мис саноати кластери” ташкил этилган эди.
10 та лойиҳа доирасида умумий қиймати қарийб 200 миллион долларга тенг бўлган лойиҳалар пакети шакллантирилди. Мажмуада энди йилига 63 минг 500 тонна мисни қайта ишлаш қуввати яратилади.
ЎзА