Ватанимиз тарихидаги 8 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1917 йил (бундан 108 йил олдин) – жадидлар Карки ва Бухорода намойишлар ўтказишди. Бухорода намойишга тўпланган 150 кишига Файзулла Хўжаев ва Абдурауф Фитрат раҳнамолик қилишган. Шиорларда “Яшасин Амир!” қаторида “Ҳуррият, Адолат, Мусавват!” каби бошқа мазмундаги даъватлар ҳам бор эди. Намойишга чиққанлар Арккача етиб келишганида амир сарбозлари уларни тўхтатишга буйруқ олди. 200 пиёда ва 300 отлиқ сарбоздан иборат амир қўшини намойишга чиққанларни тарқатиб, ҳибсга ола бошлади.
1917 йил (бундан 108 йил олдин) – Хоразм мамлакатини бошқариш учун Хивада хон ҳузурида қозикалон Бобоохун Салимов бошчилигида Мажлис ва Ҳусаинбек девонбеги Матмуродов раислигида Нозирлар кенгаши тузилди. Бу билан Хива хонлигида қисқа муддатга бўлса ҳам конституцион монархия ўматилди. Бироқ Хива хони Асфандиёрхон асосан Ёш хиваликлардан иборат бу Мажлис ва Нозирлар Кенгашини тезда тарқатиб юборди.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – тарихчи Дилшод Комоловнинг қайд этишича, суд тизимидаги анархияга барҳам бериш учун Туркистонда олий суд идораси бўлган Тошкент суд палатасида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилиш сўнгида мавжуд вазиятни бартараф этиш учун зудлик билан ўлка суд ходимларининг қурултойини чақиришга қарор қилинди.
1922 йил (бундан 103 йил олдин) – Маориф комиссарлиги Ўзбек билим ҳайъати қошидаги “Адабиёт” тўгараги томонидан “Армуғон” номли бир марталик журнал чоп этилди. У ёш қаламкашларга улкан тажриба мактаби бўлди. Тарихчи Баҳром Ирзаевнинг ёзишича, журналда Туркистон жадидларининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида мақола, устоз Чўлпоннинг “Тилак йўлида” шеъри, Абдулла Авлонийнинг “Тарихий ҳикоя”лари билан бирга ёшлардан Боту, Ш.Сулаймон, Ойбек, айниқса, Хосият Тиллахон қизи, Манзура Собир қори қизи (Ойдин), Х.Тожи қизи кабиларнинг шеърларига ҳам кенг ўрин берилди.
1951 йил (бундан 74 йил олдин) – Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг “Ўзбекистон ССРда мусиқа саънатининг аҳволи ва уни янада ривожлантириш тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда буюк адиб Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” достонлари, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Алпомиш” халқ достонларининг афсонавий фольклор сюжетларига асосланган опера, балет ва мусиқали драма спектаклларини яратиш ва саҳналарда кўрсатиш “зарарли” иш деб баҳоланди.
1976 йил (бундан 49 йил олдин) – Ер куррасидаги кучли зилзилалардан бири – Газли зилзиласи содир бўлди. У Бухоро шаҳрининг шимоли-ғарбида маҳаллий вақт билан соат 7 дан 41 дақиқа ўтганда бўлди. Зилзила магнитудаси Рихтер шкаласи бўйича М–7,0. Эпицентрда кучи 8–9 балл бўлган. Эпицентр яқинига жойлашган Газли шаҳри қаттиқ шикастланган. 17 май куни такрорланган зилзила Газли шаҳрини вайронага айлантирди. Зилзила магнитудаси энергияси М–7,3, кучи 9 баллдан ошди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон Республикаси билан Швеция Қироллиги ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Битим имзоланди.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси билан Сингапур Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Латвия пойтахти Рига шаҳрида Мирзо Улуғбек ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Президентининг Латвияга ташрифи доирасида амалга оширилган. Ҳайкал Ригадаги Кронвальд боғида жойлашган бўлиб, Ўзбекистон элчихонаси яқинида ўрнатилган. Бу ҳайкал Ўзбекистон ҳукумати томонидан Рига шаҳрига совға сифатида тақдим этилган.
2008 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1999 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди.
2016 йил (бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси – “Ўзбекозиқовқатзахира”ни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади