Юртимизда яшил майдонларни кўпайтириш, дарахт ва буталарни кесишга нисбатан жазо чораларини кучайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Президентнинг тегишли фармонига биноан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилган. Зеро, экологик муаммолар авж олаётган бир пайтда яшилликни асраш ва янада кўпайтириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек туманидаги «Дўстлик» кўчаси бўйидаги ер майдонида қурилиш ишларини олиб бориш мақсадида 50 дан ортиқ дарахт бўлган ер майдони ўраб олингани ва ушбу дарахтлар кесилиб кетиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқалди ва кўпчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
Ушбу ҳолат Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция аъзолари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Бу ҳақда партиянинг матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳудуд “AVTO TECH PREIM” масъулияти чекланган жамияти томонидан бино қуриш мақсадида ўраб олинган. Майдонда 51 туп мевали ва манзарали дарахт турлари борлиги аниқланди. Ўрганиш жараёнида қурилишни амалга оширувчи корхона ушбу ҳудудда қурилиш ишларини олиб боришга оид бирорта ҳужжатни тақдим эта олмаган.
Ўзбекистон Экологик партияси ҳудуддаги кўп йиллик дарахтларни асраб қолиш лозим, деб ҳисоблайди. Ушбу ҳолат юзасидан атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул бўлган давлат идораларидан янада қатъиятли бўлишларини ва ҳолатга муросасиз ёндашишларини ҳамда прокуратура органларидан мазкур вазиятни қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганишни ҳамда қонунбузарларга тегишли чора кўрилишни сўрайди.
Ўрганишлардан келиб чиқиб, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига ўз нуқтаи назарларини баён этиш бўйича депутатлик сўровлари юборилган.
Дарҳақиқат, бу каби ҳолатларни бартараф этиш, мавжуд яшилликни асраб-авайлаш ҳар бир юртдошимизнинг вазифасидир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА