Бугун буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудига 628 йил тўлди.
Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек музей-мажмуасида ушбу сана кенг нишонланди.
Вилоят ва Самарқанд шаҳар ҳокимликлари, олий ўқув юртлари ва Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси томонидан Мирзо Улуғбек ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Мирзо Улуғбек таваллудининг 628 йиллиги арафасида Мирзо Улуғбек музей-мажмуасининг каталоги нашр қилинди. Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси томонидан чоп этилган ушбу каталог тарихчилар, музейшунослар ва кенг жамоатчилик учун мўлжалланган.
– Каталог кириш сўзи билан бошланиб, унда Шарқ дунёсида IX-XII асрларда бунёд этилган дастлабки расадхоналар – Ал-Хоразмий фаолият олиб борган Боғдод ва Дамашқ расадхоналари, Умар Ҳайём фаолият кўрсатган Исфахондаги расадхона, Носируддин Тусийнинг Мароғадаги (Табриз яқинида) расадхонаси тарихига оид маълумотлар келтирилган, – дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори ўринбосари Маҳмудхон Юнусов.
– Ушбу илм масканларида эришилган фан ютуқлари Мирзо Улуғбек томонидан қунт билан ўзлаштирилганлиги қайд этилган. Ўз даврининг йирик алломаларидан “Афлотуни замон” мавлоно устод Салоҳиддин Мусо Қозизода Румий, ўз даврининг “Птоломейи” – Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид Коший, машҳур олим Муйиниддинлар ҳамроҳлигида 1424-1428 йилларда йирик иншоот “Улуғбек расадхонаси” деб ном олган иншоотнинг бунёд этилиши, Мирзо Улуғбек ва унинг жамоаси бу расадхонада самарали илмий фаолият олиб бориб, бу ерда Мирзо Улуғбекнинг дунёга машҳур “Зиж”и яратилганлиги манба ва адабиётларга таянган ҳолда очиб берилган.
Каталогда шунингдек, Мирзо Улуғбек вафотидан кейин қаровсиз қолган ва аста-секин бузилиб, харобага айланган, вақт ўтиши билан аҳоли ва дунё томонидан унитилган расадхона ўрнининг аниқланиши, бу ерда олиб борилган археологик қазишмалар натижасида топилган ашёларнинг тавсифи ҳам келтирилиб, расадхонанинг ўз давридаги кўриниши хусусидаги илмий фаразларга ҳам тўхталиб ўтилган.
Мустақиллик йилларида Мирзо Улуғбек тимсолига берилган эътибор, хусусан, 1994 йилда Ўзбекистонда ва Париждаги ЮНЕСКО қараргоҳида Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги катта тантаналар билан нишонланиши, 2009 йилнинг БМТ томонидан “Астрономия йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Мирзо Улуғбек таваллудининг 615 йиллиги Самарқандда ва Парижда кенг нишонланиши, 2009 йил “Майданак” расадхонасида янги кичик сайёра кашф этилиб, унга АҚШдаги кичик сайёраларни ўрганиш маркази томонидан Мирзо Улуғбек расадхонаси шарафига “Самарқанд” деб ном берилиши ва бошқа қимматли маълумотлар келтирилган.
Каталогдаги музей экспонатлари 6 та бўлимга ажратилиб, уларнинг тавсифлари ўзбек, инглиз, рус тилларида баён этилган.




Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА