Келаётган 2026 йилнинг энг муҳим спорт мусобақаларидан бири Италияда ташкил этиладиган қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларидир.
Янги йилнинг февраль ва март ойларида Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларида дунёнинг энг маҳоратли спортчилари ғолиблик учун кураш олиб боришга ҳозирланмоқда.

6-22 февраль кунлари XXV қишки Олимпия ўйинларида 80 дан ошиқ давлатнинг энг маҳоратли спортчилари 8 та спорт турининг 16 та йўналишида 116 та медаллар шодасига даъвогарлик қилиши кутилмоқда.
Бошланишига 50 кунга яқин вақт қолган тўрт йиллик баҳсларда бугунгача 2 минг 900 нафарга яқин спортчилар қишки Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиш учун етарли рейтинг кўрсаткичларини қайд этган.

Хўш, тўрт йилликнинг энг муҳим спорт тадбири бўлган бу галги ўйинларда Ўзбекистон спортчилари қайси йўналишларда иштирок этиш ҳуқуқига эга чиқди? Тайёргарлик ишлари қандай олиб борилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Миржалол Юнусов билан суҳбатимиз шу ҳақда ҳамда ортда қолаётган 2025 йилги натижалар хусусида бўлди.

– Бугунгача юртимиз спортчилари тўрт йилликнинг энг муҳим спорт тадбири бўлган қишки Олимпия ўйинларининг нечта йўлланмасини қўлга киритди?
– Ҳақиқатан, келаётган янги йилнинг энг асосий спорт тадбири бу, XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларидир. Йил давомида Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун кечган баҳслар ва унинг доирасидаги ўқув-машғулотларга 19 нафар спортчи ҳамда 17 нафар мураббий-мутахассис жалб қилинган бўлса, бугунгача юртимизнинг қишки спорт турлари вакиллари 4 та йўлланма соҳиби бўлди.
– Италияда бўладиган қишки мусобақаларда ўзбекистонлик спортчилар қайси йўналишларда қатнашади?
– Қишки спорт турлари бўйича Олимпия ўйинларига йўлланма берадиган жаҳон ва қитъа чемпионатларида, саралаш турнирларида иштирок этган спортчиларимизнинг саъй-ҳаракати туфайли 4 та Олимпия ўйинлари йўлланмаси қўлга киритилди. Булар: фигурали учишнинг жуфтлик, тоғ чанғиси ва шорт-трек йўналишлари.
– Айнан қайси спортчиларимиз Олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиши маълум бўлдими?
– Ҳозирда қишки спорт турлари бўйича халқаро федерацияларда ҳар бир спортчининг йил давомидаги кўрсаткичлари таҳлил этилмоқда. Ушбу жараён якунлангандан сўнг 2026 йилнинг январь-февраль ойларида қишки Олимпия ўйинларида қатнашадиганлар рўйхати эълон қилинади. Шу сабабли мамлакатимиз терма жамоаси аъзоларидан қайси бирларининг имконияти юқори баҳоланса, ўшалар ўйинларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
– Олимпия ўйинларида кутилаётган натижалар хусусида нима, дея оласиз?
– Катта спортда олдиндан бир гап айтиш қийин. Қолаверса, Олимпия ўйинларида энг кучли, катта тажрибага эга бўлганлар қатнашади. Улар ўртасида кечадиган баҳсларни олдиндан башорат қилиш мураккаб. Биз учун энг асосийси, қишки Олимпия ўйинларида спортчиларимизнинг иштироки сабабли Ўзбекистон номи жаранглаб туради. Ўйлайманки, спортчиларимиз яхши натижа кўрсатиш учун борини бериб ҳаракат қилади.
– Ўтаётган 2025 йил давомида мамлакатимизнинг қишки спорт турлари вакиллари қандай мусобақаларда, турнирларда, халқаро йиғинларда иштирок этди?
– Биз учун эътиборли жиҳат, 2025 йил юртимиз қишки спорт вакиллари учун омадли бўлди. Катта мақсадлар учун пойдевор яратилди. Тоғ чанғиси ва пара тоғ чанғиси, конькида фигурали учиш ва конькида югуриш, шорт-трек, биатлон, чанғи альпинизм йўналишларидаги мусобақаларда ёш спортчиларимиз катта тажриба тўплади. Умумий ҳисобда спортчиларимиз 16 та халқаро мусобақалар ҳамда 21 та халқаро ўқув-машғулот йиғинларида қатнашиши таъминланди.
Жорий йилнинг 7-14 февраль кунлари Ҳарбин шаҳрида ўтган IX Осиё ўйинларида вакилларимиз 6 та спорт турида 24 нафар спортчи билан иштирок этиб, фигурали учишнинг жуфтлик дастурида илк олтин медалга сазовор бўлди. Ўзбекистон умумжамоада 5-ўринни эгаллади.Хоккейчи ёшларимиз Таиландда ўтган жаҳон чемпионатида 1-ўринни эгаллаб, 2026 йилги дунё биринчилигига йўлланмага эга чиқди. Шундай қилиб, йилни қишки спорт турларида ўзига хос натижалар билан якунламоқдамиз.
Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди, ЎзА