Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида уюшма аъзоси, таниқли адиб ва кинодраматург Мирзапўлат Тошпўлатов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган адабий учрашув ҳамда муаллифнинг “Ойни ахтараётган бола” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Анжуманга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, адабиёт ихлосмандлари, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ёзувчи ва шоирлар мудом халқ дарду ташвишлари билан яшайдиган инсонлар, бу борада адиб ва драматург Мирзапўлат Тошпўлатов олдинги сафдаги ижодкор эканини эътироф этди.

– Мирзапўлат ака миллий адабиётимиз карвонида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган ижодкор сифатида қадрли, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Адиб кўпчилик ижодкорларга ўз акасидек қадрдонларча муносабатда бўлган, ҳамиша тўғри йўл-йўриқ кўрсатадиган, ёмонликлардан қайтарган инсондир. Мирзапўлат ака камтар, камсуқум, заҳматкаш, меҳнаткаш ижодкор сифатида адабиёт мухлисларининг меҳрини қозонган. Бугунги янгиланиш жараёнларида Президентимиз томонидан китобхонликка, адабиёт ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Айни дамда китобхонлик, миллий адабиётимиз равнақида Мирзапўлат акадек инсонларнинг ҳиссаси катта.
– Мирзапўлатнинг асарларида ҳаётийлик, одамийлик устувор, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир, таржимон Тоҳир Қаҳҳор. – Ҳозир ижтимоий тармоқлар орқали фильмлар томоша қилишга қизиқиш кучли. Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” фильмидан кейин, Мирзапўлат Тошпўлатовнинг “Занжир” номли фильми энг кўп томоша қилинган фильмлар сирасига киради. Бу ҳам ёзувчининг халққа яқинлигидан дарак беради.
Таниқли адабиётшунос олим Абдулла Улуғовнинг фикрича, 1976 йили “Гулистон” журналида эълон қилинган “Содиқ” ҳикояси билан адабиёт майдонига қадам қўйган Мирзапўлат Тошпўлатовнинг ҳам ҳикоя, қисса, киносценарийлари у ижтимоий турмуш воқелиги ва табиат ҳодисаларини яхши билиши, инсоннинг феъл-атворини нозик ҳис қилишини яққол кўрсатиб туради. Унинг “Санам тоғидаги гулхан”, “Қизтепа”, “Ҳожиқайлиқ” каби асарлари кўҳна ўтмишнинг кўп ҳақиқатларини англашга етакласа, “Тонгги фаришта”, “Занжир ёхуд ўта махфий дафтар”, “Ойни ахтараётган бола” қиссалари, “Рўмолча”, “Юракдаги сир”, “Гулга туташ қалб” ҳикоялари замондошларимизнинг сир-синоатларга тўла ички дунёсини тушунишга яқиндан кўмак беради. Таъкидлаш жоизки, Мирзапўлат Тошпўлатовнинг ҳикоя, қиссалари бадиий фазилатлари жиҳатидан замонавий адабий жараён майдонида Тоғай Мурод ёки Эркин Аъзам асарлари сингари алоҳида ажралиб турмайди. Аммо бу адиб асарларининг энг асосий ва ёқимли аломатларидан бири шуки, уларда персонажларнинг хатти-ҳаракати, ўй-кечинмалари, ўзаро муомала-муносабати содда, аниқ, тушунарли тилда ифодаланади. Муаллифнинг тарихий мавзудаги қисса, ҳикоялари ҳам, замонавий ҳаёт воқелиги объект қилиб олинган асарлари ҳам анъанавий услубда битилган асарлар сирасига киради.

Мирзапўлат Тошпўлатов 1952 йил 1 сентябрда Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Дашту Файзобод қишлоғида туғилган.
1976 йилда ТошДУнинг – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. «Юракдаги сир» (1977), «Беором тўлқинлар» (1979), «Бахт юлдузи» (1989), «Ойни ахтараётган бола» (1985), «Санам тоғидаги гулхан» (1991), «Сайланма» (2007) сингари қисса ва ҳикоялардан иборат китоблари нашр этилган.
Устоз ижодкорнинг Асарлари асосида кўплаб бадиий фильмлар суратга олинган. «Олов қаъридаги фаришта», «Гуноҳ», «Тавба», «Муаллиф», «Занжир», «Музаффар» ва бошқа фильмлар шулар жумласидандир.
Адабий анжуманда Мирзапўлат Тошпўлатов ижоди, янги китоби хусусида адабиётшунос олимлар, шоирлар, журналистлар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари батафсил сўз юритди. Санъаткорлар даврага янада файз бағишлади.
Назокат Усмонова, Аҳмаджон Тўраев (суратлар), ЎзА