Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мирзапўлат Тошпўлатов: “Ойни ахтараётган бола”
10:13 / 2025-10-17

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб

Таниқли ёзувчи Мирзапўлат Тошпўлатовнинг “Ойни ахтараётган бола” номли янги китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.

Ўқувчи адибнинг “Юракдаги сир”, “Беором тўлқинлар”, “Бахт юлдузи”, “Санам тоғидаги гулхан”, “Сайланма”, “Сирли тузоқ”, “Одамлар”, “Бозор ичра бозор” номли  қатор китоблари орқали яхши танийди.

Мирзапўлат Тошпўлатов нафақат ёзувчи, балки киноценарийчи ҳам. Унинг асарлари асосида “Олов қаъридаги фаришта”, “Гуноҳ”, “Тавба”, “Муаллим”, “Занжир”, “Садоқат сеҳри”, “Тандир” сингари бадиий фильмлар суратга олинган. “Дунё бозори”, “Аёллар салтанати” номли пьесалари республика театрларида саҳналаштирилган.

“Ўзбектелефильм” томонидан суратга олинган Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Иброҳим Раҳим, Мирмуҳсин, Ойдин Ҳожиева каби ижодкорлар ҳақидаги ҳужжатли фильмлар муаллифи ҳам Мирзапўлат Тошпўлатовдир.

Янги китобдан адибнинг “Занжир ёхуд ўта махфий дафтар”, “Оқ кийган жангчилар”, “Ойни ахтараётган бола” ва “Тонгги фаришта” каби қиссалари жой олган. 

Асар қаҳрамонлари сиз ва бизга яхши таниш – ёнимиздаги одамлар. Ҳаётда уларни учратгансиз, фақат исм-шарифи, манзили бошқа бўлиши мумкин холос. 

Услуби ўзига хос, тили равон, кўнгилга яқин. Шу боис, мутолаа жараёнида асар қаҳрамонлари ҳаётига сингиб кетасиз.

Китобдан жой олган “Оқ кийган жангчилар” қиссаси сизни олис тарих қаърига олиб кетади. Унда мард ва жасур аждодларимиз қаҳрамонликларига гувоҳ бўласиз.

Ойни ахтараётган бола” қиссасида бир ўспирин тимсолида эзгулик тараннум этилса, “Занжир ёхуд ўта махфий дафтар”да адолат учун курашаётган инсон, унинг тақдирини, “Тонгги фаришта”да эса оддий ўзбекона ҳаёт тарзини, халқимизнинг ноёб урф-одатларини кўргандек бўласиз.

Мирзапўлат Тошпўлатовнинг “Ойни ахтараётган бола” китобини, албатта, ўқинг.

А.Нарзуллоев, ЎзА