Мирзаобод тумани ғаллакорлари давлатга 4 минг 483 тонна дон етиштириб, ғалла сотиш шартномавий режасини Сирдарё вилоятида биринчи бўлиб 100,4 фоизга ортиғи билан бажарди.
Халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган ва айни пайтда пишиб етилган мўл ғалла маҳсулотини нобуд қилмасдан ўриб-янчиб олиш мақсадида мирзаободлик ғаллакорлар дон ўриш мавсумида туну-кун меҳнат қилмоқда.
– Ғалладан мўл ҳосил олиш учун аввало яхши уруғ, қулай шароит, махсус техника воситалари билан бир қаторда ғайрат ва шижоат ҳам зарур, – дейди Мирзаобод тумани ҳокими Жонибек Яриев. – Ушбу зафарга эришимизда Президентимизнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига қаратилган эътибори, вилоят ҳокимининг оқилона бошқаруви, барча секторлар ва мутассади ташкилот раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар замин бўлди.
Туманда режани ортиғи билан бажарган ғаллакорлар, илғор комбайинчилар, дон ташувчи ва умуман ғалла ўрим отрядларида фаоллик кўрсатган ҳар отряд вакили мунтазам равишда қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан рағбатлантириб борилди.
Ўрим-йиғим қатнашаётганлар учун 4 маҳал иссиқ овқат, махсус кийим-бош, барча зарур техник хизматларни далада кўрсатилиши, мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун яратилган шарт-шароитлар ушбу зафар маррасини эгалланишида муҳим омил вазифасини бажариб берди.
Мирзаободлик ғаллакорлар жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида 2 минг гектр майдонга ғалла уруғи қадаб, барча зарур агротехник тадбирларни оби-тобида ўтказди. Бунинг самарасида давлатга 4 минг 483 тонна дон топшириб, давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини Сирдарё вилоятида биринчи бўлиб 100,4 фоизга ортиғи билан бажарди.
Балли Мирзаобод тумани меҳнаткашлари, хирмонигизга барака!
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА