Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мирзаободда “Шодиёна” тикувчилик маркази иш бошлади
20:50 / 2022-12-29

Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Мирзо Улуғбек номли маҳалласида жойлашган “Дунё Экспрес-2022” МЧЖ ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Шодиёна Раимова касаначилик билан шуғулланиш мақсадида “Шодиёна” тикувчилик марказини ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёки “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган ва касаначилик билан шуғулланаётган фуқароларга асбоб-ускуналар харид қилиб бериш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробаригача миқдорида субсидия ажратиш белгиланган.

Мазкур тикувчилик марказининг очилишида юртимизда банд бўлмаган аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

– Вилоятда касаначилик билан шуғулланиш истагини билдирган 5 та тадбиркорлик субъектига жами 302,2 миллион сўмлик субсидия ажратилди, – дейди вилоят бандлик бош бошқармаси шўба мудири Авазбек Эрназаров. – Бунинг натижасида 75 нафар хотин-қиз ишли бўлди.

Тадбиркор Ш.Раимовага қарийб 83 миллион сўм субсидия берилиши натижасида тикувчилик маркази замонавий тикув машиналари билан тўлиқ жиҳозланди. Натижада ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган, ижтимоий реестрда турувчи 20 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Шуҳрат Суяров, ЎзА