Сирдарё вилояти Мирзаобод туманининг шаҳарсозлик қиёфасини яхшилаш, аҳоли учун қулай турмуш шароити яратиш ва инвестиция муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида 2026 йилда ҳам кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари давом эттирилади. Бу ҳақда туман ҳокими Абдураҳим Умаров 2025 йилда туманда амалга оширилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳақида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда маълум қилди.
Брифингда таъкидланишича, 2025 йилда жами 165,2 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган бўлиб, асосий эътибор ижтимоий инфратузилма, уй-жой ва маҳалла ободончилигига қаратилган. Давлат ва жамғарма маблағлари ҳисобидан 6 та инвестиция объектида 49 миллиард сўмлик ишлар олиб борилган. Шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари орқали тумандаги инфратузилмани такомиллаштиришга 77,5 миллиард сўм сарфланган.

Маҳалла аҳолисини қўллаб-қувватлаш ва кўмакка муҳтож ҳудудларни ривожлантириш мақсадида Президентнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида 6 та маҳалладаги 21 та объектда 20,1 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган. Шу билан бирга, жамоатчилик ташаббуслари асосида ғолиб топилган 3 та объектга 4,5 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Ободонлаштириш ва йўл таъмири соҳасида ҳам муҳим ишлар бажарилган. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан Ободонлаштириш бошқармасига 6,6 миллиард сўм маблағ ажратилган, шунинг 2,6 миллиард сўми махсус техникалар харидига, 4 миллиард сўми эса 23 километр ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилган.

Шунингдек, “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Мирзачўл маҳалласида 1 миллиард сўмлик қурилиш ишлари олиб борилган. Режага мувофиқ, туман марказида 10 гектар майдонда 224 хонадонли 7 қаватли 2 та уй-жой, 12 та хизмат кўрсатиш шохобчалари ва аҳоли дам олиши учун истироҳат боғи барпо этилган. Бу драйвер лойиҳаси доирасида 6,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш соҳасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. “Dream House City 01” МЧЖ томонидан 216 хонадонли 4 та 5 қаватли уй-жой қурилиши белгиланган бўлиб, шулардан 96 хонадонли уй-жой фойдаланишга топширилди. Қолган 120 хонадонли 3 та уй-жой эса йил якунига қадар қуриб битказилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири