Қишлоқ хўжалигида қовун-анорлари, саноатда эса янги ишлаб чиқариш маҳсулотлари билан танилаётган Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманига йўлингиз тушса, ҳар қадамда қурилиш жараёнлари, йирик инвестиция лойиҳалари, маҳаллаларда эса одамларда умид уйғотган микролойиҳаларни кўрасиз.
Туман ҳокими Абдураҳим Умаров иштирокида ўтган матбуот анжуманида эълон қилинган рақамлар аввал қарашда оддий статистикадек туюлиши мумкин. Лекин улар ортида минглаб инсонлар тақдири, юзлаб оилаларнинг баракали дастурхони, ёшларнинг ишга жойлашиши ва тадбиркорлик орқали ҳаётини ўзгартириши мужассам.

Саноат ҳажми 208,7 миллиард сўмга етди, ўсиш суръати эса 106,5 фоизни ташкил этди. Демак, Мирзаободда янги ишлаб чиқариш қувватлари очилмоқда. Қишлоқ хўжалигида 657,6 миллиард сўмлик маҳсулот етиштирилгани эса халқ меҳнати ва ер самарадорлиги юқори эканини кўрсатади. Тилими тилни ёргудек қовунлари, ёқутдек товлангувчи анорлари билан нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам танилаётган Мирзаободда бу рақамлар замирида табиат барокати ҳам акс этган.
Бир савол туғилади: бу кўрсаткичлар оддий одам ҳаётига қандай таъсир қилади? Жавоб аниқ. Фақат ярим йилликнинг ўзида 7 699 нафар аҳоли иш билан таъминланди. Улар орасида тадбиркорликка бел боғлаганлар, қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётганлар, қурилишда жавлон ураётганлар ҳам бор.

Маҳаллаларда амалга оширилаётган микролойиҳаларни олайлик. Дастур бўйича 334 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган эди, аммо амалда 395 таси ҳаётга татбиқ этилди. Бу эса 790 та янги иш ўрни, яъни 790 та янги имконият демакдир.
Президентимизнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 387 та оила камбағаллик реестридан чиқарилди. 117 нафарига имтиёзли кредит берилди, 685 киши доимий иш билан таъминланди. Демак, давлат сиёсати қоғозда эмас, халқнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.
— Сармоядорлар қаерга пул тикади? Фақат келажагига ишонган жойга, — дейди туман ҳокими. — Жорий йилда туманда 82,6 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлса, ярим йилликдаёқ 45,7 миллион доллар жалб этилди ва режа 111,3 фоизга бажарилди.

Бу рақамлар ортида йирик лойиҳалар бор: 20 миллион долларлик тўқимачилик кластери, 5 миллион долларлик паррандачилик комплекси, газоблок ишлаб чиқариш корхонаси. Яқинда “Навбаҳор” маҳалласида паррандачилик фабрикаси ишга туширилиб, 100 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Мирзаобод маҳсулотлари хориж бозорларига ҳам йўл олмоқда. Йилнинг биринчи ярим йиллигида 4,8 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. Унинг 4,4 миллион доллари мева-сабзавот маҳсулотларига тўғри келди. Экспорт ҳажми 109 фоизга ўсгани Мирзаобод маҳсулотлари нафақат ички, балки ташқи бозор учун ҳам рақобатбардош эканини англатади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Мирзаободнинг бугунги ривожланиш йўли — шунчаки рақамлар йиғиндиси эмас. Унда деҳқоннинг тиришқоқлиги, тадбиркорнинг ишбилармонлиги, ёшларнинг интилиши ва давлат сиёсатининг амалий ифодаси мужассам.
Савол туғилади: Мирзаобод яқин келажакда қандай кўринишда бўлади? Агар бугунги суръат сақланса, туман нафақат Сирдарё, балки мамлакат иқтисодиётида ҳам муҳим ўрин эгаллаши шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири