Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини барқарор ҳамда сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилди. Бу тадбирлар нафақат куз-қиш мавсумида узилишларнинг олдини олишга, балки аҳоли ҳаётида қулайлик ва хавфсизликни оширишга ҳам хизмат қилади.
– Туман электр таъминоти корхонаси томонидан 2025–2026 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 101,3 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари ҳамда 38 та трансформатор пунктлари тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, мавжуд ускуналарда техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилди, – дейди Мирзаобод туман электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси Икром Норқўзиев.


Унинг сўзларига кўра, модернизация ишлари доирасида нафақат мавжуд тармоқлар янгиланди, балки қатор ҳудудларда янги инфратузилма ҳам барпо этилди. Хусусан, Президентимизнинг 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорининг ижроси доирасида тумандаги энг оғир аҳволдаги маҳаллалар — Баҳористон, Йўлдошобод, Дўнгариқ, Тинчлик, М. Улуғбек ва Янги Ҳаётда 32,5 километр қўшимча электр узатиш тармоқлари қурилди, 10 та янги трансформатор пунктлари ўрнатилди.


– Мавсумий тайёргарлик фақат тармоқларни таъмирлаш билан чекланмайди. Узлуксиз ва барқарор электр таъминотини таъминлаш мақсадида хавфсизлик чоралари, техник хизмат кўрсатиш ва оғир ҳудудларга алоҳида эътибор қаратиш бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда. Энг муҳими, бу жараён изчил давом эттирилади, – дея таъкидлади Икром Норқўзиев.

Модернизация ишлари якунланиши натижасида Мирзаобод тумани аҳолиси учун барқарор ва сифатли электр таъминоти йўлга қўйилади, ижтимоий инфратузилма объектларининг фаолияти янада самарали ташкил этилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири