Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги “Аср” тантаналар мажмуасида ҳокимлик ва Бухоро инновациялар университети Гулистон филали ҳамкорлигида 15 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди.
Тадбир қувонч ва самимият руҳи билан ўтди. Ташаббус доирасида болаларга махсус совғалар топширилди.


Тантанали маросимда туман ҳокимлиги масъуллари, Бухоро инновациялар университети вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳамда болаларнинг яқинлари иштирок этишди. Тадбир давомида болаларнинг қувончи ва ота-оналарнинг миннатдорлик сўзлари ҳар бир иштирокчида илиқ таассурот қолдирди.


Сўзга чиққан туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Сирожиддин Кенжаев мамлакатимизда ёшлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бундай хайрли тадбирлар нафақат оилаларга моддий кўмак, балки маънавий руҳий қувват ҳам беради.
– Бугун фарзандим ва у қатори бошқа болаларнинг суннат тўйи жуда кўтаринки руҳда ўтди. Барча ташкилотчиларга самимий ташаккуримни билдираман, – дейди тадбир иштирокчиси Гулбаҳор Бозорбоева.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири