Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мирзачўллик пахтакорлар чигит экиш ишларига ҳозирлик кўрмоқда
12:52 / 2022-03-22

ФОТОРЕПОРТАЖ

Жиззах вилояти пахтачилик учун қулай ҳудудлардан. Шу боис жиззахлик пахтакор деҳқонлар ёғингарчиликдан сўнг ер ўз тобига келиши билан чигит уруғини қадашни бошлайди. Бу йил вилоят деҳқонлари 3 минг 141 тонна уруғлик чигитини 77 минг 900 гектар майдонда етиштиришни режалаштирган. 

Сифатли пахта уруғ навларини тайёрлаш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан доимий назоратга олинган. Олиб борилган ўрганишларга кўра, ҳозирга қадар жорий йил ҳосили учун пахта – тўқимачилик кластерлари томонидан амалда 3 минг 182 тонна ҳудуд тупроқ иқлим шароитига мос, эртапишар ва ҳосилдор навли чигит уруғлари тайёрланган.

Хусусан, Мирзачўл туман фермерлари бу йилги кўклам серёғин бўлганидан кўнгли шод. Чунки улар сувга тўйинган тупроқда униб чиққан чигит бақувват бўлиб ривожланишини яхши билади. Шу боис, омилкорлар 12 минг 500 гектар майдонда пахта етиштиришни олдига мақсад қилиб қўйган. Бунинг учун 536 тонна ҳудуд тупроқ иқлим шароитига мос, эртапишар ва ҳосилдор навли чигит уруғлари тайёрлаб берилган. 

– Ҳозирга қадар бу йилги ҳосил учун тайёрланган пахта уруғининг 80 тоннаси “Сангзор текстиль” масъулияти чекланган жамиятига қарашли шохобчага келтирилди, - дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Мирзачўл туман бўлими катта инспектори Нурбек Файзиев.

[gallery-6226]

 – Қолган 456 тоннаси ҳам тез фурсатда олиб келиниши назоратга олинган. Ҳозирга қадар келтирилган уруғлик чигитларнинг 20 тоннасини С-8290 навли “Р-2” авлодли ҳамда 60 тоннасини “Бухоро-102” навли “Р-2” авлодга мансуб уруғлик чигити ташкил этади. Келтирилаётган бу навлар туманимиз ҳудуд иқлим, тупроқ шароитига мос эканлиги ҳисобга олинган. 

Бунга қадар пахта уруғи етиштиришни назорат қилиш йўналишида жами 6 та назорат тадбирлари ўтказилиб, аниқланган ҳолатлар бўйича камчиликларни бартараф этиш юзасидан кластер корхонасига 2 та огоҳлантириш хати ва фермер хўжаликларига 5 та ёзма кўрсатма берилган. Туман ҳокимлигига эса 2 та тақдимнома киритилган. 

Бир сўз билан айтганда, бу йилги пахта уруғини ерга қадаш ишларига барча чора-тадбирлар кўрилган.


Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат),ЎзА