Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги байрами арафасида Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида ҳунармандчилик йўналишида “Амалий мономарказ” ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 июндаги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони ҳамда 2023 йил 5 майдаги “2023 — 2025 йилларда Жиззах вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Мирзачўл туманида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-13333]
Жумладан, тумандаги “Мирзадала” маҳалла фуқаролар йиғинида “Амалий мономарказ” иш бошлади.
Ушбу мономарказда ҳунармандчиликнинг қўлда гилам тўқиш, каштачилик, қуроқчилик, тикувчилик, жун рўмол тўқиш, эсдалик буюмлари, миллий қўғирчоқлар ва пойабзал тайёрлаш каби йўналишларида жами 10 нафар ҳунарманд устоз-шогирд анъанасини давом эттириб, 80 нафар мирзачўллик йигит-қизларга ҳунар ўргатмоқда.
Шу ўринда, бугунги кунда Жиззах вилоятида мингдан ортиқ ҳунарманд фаолият олиб бораётганини ҳам таъкидлаш лозим. Мирзачўл туманида эса 53 нафар уста-ҳунарманд “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо, уларнинг 38 нафарини аёл ҳунармандлар ташкил этади.
Мустақиллик байрами тантаналари арафасида “Амалий мономарказ”да тумандаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган бандлиги таъминланмаган, лекин ҳунармандчиликка лаёқати бор, ижтимоий дафтарларга киритилган хотин-қизлар жалб этилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА