Давлат ва жамоат арбоби Қинабек Укубаев таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Қинабек Укубоев 1913 йилнинг 9 май куни қўшни Қозоғистон Республикаси, Туркистон вилоятининг Пахтаорол туманида туғилган. У меҳнат фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ Мирзачўл туманидаги колхозда пахтачилик бригадасининг бошлиғи, 1935-1936 йилларда Мирзачўл туман ижроия қўмитасининг масъул ходими, 1936-1943 йилларда «Қизилобод» ва «Крестьянка» қишлоқ кенгашларининг раиси бўлиб хизмат қилган.
1961-1962 йилларда Тошкент вилоятидаги Бўстонлиқ туман партия қўмитасининг биринчи котиби, 1962 йилдан Мирзачўлга қайтиб келиб, 1975 йилга қадар ўзи ташкил қилиб, асос солган йирик 17-совхознинг директори бўлган. 1975-1988 йилларда Оқолтин туманидаги «Мир» пахта тозалаш заводининг директори ва «Сардоба» қишлоқ кенгашининг раиси лавозимларида ишлаган. 1988 йилда «Чўлқувар» деҳқон хўжалигини ташкил этиб, ҳаётининг сўнгига қадар унга раҳбарлик қилган. 1994 йилда «Сардоба» қўрғонида 81 ёшида вафот этган.
Тадбирда дастлаб Мирзачўлни ўзлаштириш ва обод қилишга бутун умрини бағишлаган, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Меҳнат Қаҳрамони Қинабек Укубоев бюсти пойига гулчамбар қўйилиб, хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

Шундан сўнг Қинабек Укубоевнинг эсдаликлари, орден, медаллари ҳаёт фаолиятидан сўзловчи фотосуратлар ва китоблари жой олган «Хотира музейи»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Қинабек Укубоевнинг Мирзачўлни ўзлаштириш йўлидаги улкан хизматлари ҳақида сўз юритди. Мустақиллик даврида, айниқса сўнгги йилларда халқимизнинг ақл-идроки ва қаҳрамонларча меҳнати билан гулистонга айлантирилган Мирзачўлда ҳаёт сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани, туб ислоҳотлар натижасида Сирдарё вилояти саноатлашган, обод ва кўркам ўлкага айланиб бораётганини таъкидлади.
Тадбир якунида Қинабек Укубаев ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинувчи «Мирзачўл бунёдкори» китоби тақдимоти ўтказилиб, Қозоғистондан келган фахрий меҳмонларга «Сирдарё вилояти ташкил топганлигининг 60 йиллиги» эсдалик нишонлари топширилди.
ЎзА