Мирзачўлда космонавтика музейи ташкил этилади
Мирзачўлда космонавтика музейи ташкил этилиши фақат В, Шамановнинг мирзачўллик эканлиги билангина боғлиқ эмас.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Мирзачўл туман бўлинмаси билан Россиядаги “Защитники Отечество” (“Ватан ҳимоячилари”) Владимир Шаманов фонди ўртасида Гагарин шаҳрида Космонавтика музейини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Россиянинг ҳарбий ва сиёсий арбобларидан бири, Россия қаҳрамони Владимир Анатольевич Шаманов Мирзачўлда вояга етган, туман марказидаги 1-умумтаълим мактабини битирган.
Айни пайтда Владимир Шаманов Россия Федерацияси давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раиси, Россия қаҳрамонлари ассоциацияси президенти. Унинг васийлигидаги “Защитники Отечество” фонди ватанпарварлик тарғиботини олиб боради.
Владимир Шаманов, Ўзбекистонга – ўзи улғайган Мирзачўлга тез-тез келиб туради. У ўтган йили Мирзачўлга икки марта – аввал дўстлари билан учрашиб, қайта қурилаётган Гагарин шаҳри билан танишишга ва сўнгра 12 апрель – Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни муносабати билан Россия қаҳрамонлари ассоциацияси делегацияси раҳбари сифатида ташриф буюрган эди. У Ўзбекистон ва Россия ўртасида дўстона ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилади.
Мирзачўлда космонавтика музейи ташкил этилиши фақат В, Шамановнинг мирзачўллик эканлиги билангина боғлиқ эмас. Жаҳон фалакиёти илмининг Мирзо Улуғбекдек буюк сиймоси вояга етган Ўзбекистоннинг космонавтика тараққиётидаги, дунёнинг биринчи фазогири ҳаётидаги тутган ўрни ҳам тарихий аҳамиятга эга. Мирзачўл тумани маркази Гагарин номи билан аталишида ҳам чуқур маъно бор.
1961 йил 12 апрелда “Восток” космик кемасида дунёда биринчи бўлиб Ер орбитаси бўйлаб парвозни амалга оширган Юрий Алексеевич Гагарин инсониятнинг космосни ўрганиш тарихида янги даврни бошлаб берди. Инсон илк марта фазога парвоз қилган 12 апрель санаси БМТ Бош ассамблеясининг 2011 йил 7 апрелдаги резолюцияси билан Инсон коинотга парвоз қилган кун – Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни сифатида нишонланиб келинмоқда.
Юрий Алексеевич Ўзбекистонга тез-тез меҳмонга келиб турган. У юртимизга сафарлари давомида кўплаб жамоат, маданият ва санъат арбоблари, ёшлар, оддий одамлар орасидан дўстлар орттирган.
1974 йилда Мирзачўл тумани марказига шаҳар мақоми берилиб, Гагарин номи билан аталган. Шаҳарда биринчи космонавтга ўрнатилган ҳайкалга ҳозир ҳам турли мамлакатлардан зиёратчилар келиб туради.
2019 йил Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни ҳам космонавтлар – Владимир Жонибеков, Солижон Шарипов, Юрий Онуфриенко ва Россия давлат думаси депутатларидан иборат делегация аъзолари Юрий Алексеевич Гагарин ҳайкалини зиёрат қилиш учун келган эди.
Гагарин шаҳрининг жаҳон фазогирлиги билан ушбу боғлиқлик жиҳатлари бу ерда космонавтика музейи ташкил этиш ташаббусини туғдирди.
Туманга ташриф буюрган “Защитники Отечество” (“Ватан ҳимоячилари”) Владимир Шаманов фонди ижрочи директори Наталья Хан бошчилигидаги делегация аъзолари Мирзачўл тумани ҳокими Комил Холмуродов, республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Мирзачўл туман бўлинмаси раиси Ақилбек Ёдгоров ва туман жамоатчилиги вакиллари билан учрашувда Космонавтика музейининг мақсад ва вазифалари муҳокама қилинди. Муҳокамалар давомида нодавлат нотижорат шаклидаги музей фаолиятининг асосий мақсади ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг космонавтика бўйича билимларини ошириш эканлиги қайд этилди.
Россия делегацияси аъзолари Гагарин шаҳрида космонавтика музейи қурилиши мўлжалланган жой билан танишди.
Космонавтика музейини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик шартномасини “Защитники Отечество” Владимир Шаманов фонди ижрочи директори Наталья Хан ва республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Мирзачўл туман бўлинмаси раиси Ақилбек Ёдгоров имзолади.