Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Чарм, пойабзал, атторлик, қоракўл, мўйна, жун ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар” 19-халқаро кўргазма-ярмаркасининг биринчи кунги тадбирлари бўлиб ўтди.
ЎзА мухбирига “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Мирсаид Зоҳидов бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:
– “UzCharmExpoEurAsia-2025” халқаро кўргазмаси ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, ишбилармонлик портфелини янги лойиҳалар билан бойитиш ҳамда кооперация алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, халқаро брендларни жалб қилиш, соҳа экспортини кенгайтириш ва янги инвестиция имкониятларини очишда ҳам муҳим платформа ҳисобланади.
Бу йилги кўргазма чарм саноати бўйича Евроосиё миқёсидаги энг нуфузли бизнес ва инновация майдонига айланди.Тадбирда Италия, Туркия, Латвия, Хитой, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон, Озарбайжон, Покистон ва Мўғулистон каби мамлакатлардан келган 30 дан ортиқ компаниялар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
[gallery-25953]
Аҳамиятлиси, сўнгги етти йилда чарм-пойабзал саноати Ўзбекистон иқтисодиётининг энг фаол тармоқларидан бирига айланди. Агар 2017 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 560 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 5,5 триллион сўмга етди.“Made in Uzbekistan” бренди остидаги маҳсулотлар бугун Марказий Осиё ва МДҲ бозорларида етакчи ўринни эгаллаб, халқаро бозорда рақобатбардош маҳсулот сифатида тан олинмоқда.
Йил давомида “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарлигида соҳа корхоналари 100 дан ортиқ халқаро кўргазма ва форумларда иштирок этди. Кўргазма халқаро шерикликни мустаҳкамлаш, янги экспорт йўналишларини белгилаш ва технологик ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар экспозицияси алоҳида павильонда намойиш этилмоқда.
“UzCharmExpoEurAsia-2025” нафақат компаниялар салоҳияти, маҳсулот ассортименти ва соҳадаги инновациялар билан танишиш имкониятини яратади, балки B2B, G2B ва G2G музокаралар учун самарали платформа бўлиб хизмат қилади.
Кўргазма доирасида бизнес мулоқотлар, тақдимотлар, янги ҳамкорлик келишувлари ва лойиҳалар бўйича музокаралар ўтказилади. Шунингдек, маҳсулотларни хорижга, хусусан, Европага етказиб беришни кўпайтириш, халқаро брендларни жалб қилиш, сифат сертификатларини жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.