Бугун халқ депутатлари Миробод туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Миробод тумани ҳокими Шуҳрат Пўлатовнинг 2021 йил якунлари ва 2022 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор вазифалари бўйича мурожаати тингланди.
Мурожаатда қайд этилганидек, туманда ўтган давр мобайнида ҳар бир соҳа ва йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, эҳтиёжманд оилаларни, аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда амалга оширилган ишлар ҳудуд ривожи ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда.
“Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Масалан, туманда жами 3 минг 626 та оиланинг 11 минг 871 та аъзоси “Темир дафтар”га киритилган бўлиб, уларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармасидан ҳамда тумандаги саховатпеша тадбиркор ва ҳомийлар томонидан моддий ёрдамлар кўрсатилди.
“Аёллар дафтари”га эса жами 3 минг 767 нафар хотин-қизлар киритилган бўлиб, бугунги кунда “Аёллар жамғармаси” маблағларидан моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали халқ депутатлари туман Кенгаши қарорлари асосида 100 фоиз аёллар дафтардан чиқарилган.
Мурожаатда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, Миробод туманида бандлик дастури бўйича 2021 йил якунига қадар 3 минг 335 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 3 минг 676 та янги иш ўринлари яратилган ҳолда йиллик режа 110,2 фоизга бажарилди.
Шунингдек, жамоат ишларига жами 372 нафар ишсиз фуқаролар жалб қилинди. Бундан ташқари, туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан жорий йил давомида 229 та ишсиз фуқароларга 108,2 миллион сўм ишсизлик нафақалари тўлаб берилди. Ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш ва қайта тайёрлашга жами 498 нафар ишсиз фуқаролар жалб қилинди.
Туман ҳокими мурожаатида таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маърифий йўналишдаши ишлар бўйича ҳам батафсил тўхталиб ўтилди. Сессияда таъкидланганидек, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, жиҳозлаш ва уларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш ва бошқа харажатлари учун жами 4 миллиард 803 миллион сўм маблағ ажратилди. Бунда қатор мактабгача таълим ташкилотларини жорий таъмирлаш, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини яхшилаш борасидаги ишлар амалга оширилган. Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, туманда 27 та мактабгача таълим ташкилоти, 19 та мактаб, 1 та академик лицей, 1 та техникум, 6 та олий таълим муассасаси, 2 та спорт мактаби, 12 та тиббиёт муассаси мавжуд.
Ҳоким ўз мурожаатида 2022 йилга режалаштирилаётган асосий иқтисодий кўрсатгичларнинг прогнози бўйича ҳам батафсил тўхталиб ўтди.
Шунингдек, сессияда депутатлар томонидан Миробод туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасининг 2021 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича фаолияти юзасидан ахбороти ва секторларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари, кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга “Саховат ва кўмак” жамғармасидан моддий ёрдам ажратиш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Сессия кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА