Аҳоли яшаш ҳудудларида ёки уларга яқин жойларда фаолият юритадиган ишлаб чиқариш корхоналарида экологик талабларга риоя қилиниши, аҳоли вакилларининг саломатлигига зарар етказадиган ҳолатларга йўл қўйилмаслиги лозим. Акс ҳолда экологиянинг бузилиши ва аҳоли эътирозларини келтириб чиқариши шубҳасиз.
Ўзбекистон Экологик партиясининг маълум қилишича, партияга Миробод тумани Баротхўжа маҳалласи фуқаролари томонидан мурожаат келиб тушган. Унда маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхонаси атмосферага зарарли ташламалар чиқараётгани юзасидан эътирозлар акс этган.

Мазкур мурожаат асосида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Севара Файзиева, Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Акмал Расулов ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш давомида аниқланишича, мурожаатга сабаб бўлган корхона Ногиронлар (Кўзи ожизлар) жамиятига қарашли бинода, ижара асосида узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келмоқда. Корхона раҳбарининг маълумотига кўра, мазкур ҳудудда илгари сув ишлаб чиқариш ва текстиль комбинатига оид фаолият учун тегишли экспертиза хулосаси олинган. Ҳозирда эса сув ишлаб чиқариш тўхтатилган. Корхонада шиша ва алюминий чиқиндиларини қайта ишлаш цехлари мавжуд бўлиб, ушбу фаолиятлар учун ҳали экспертиза хулосаси олинмаган, бироқ тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани билдирилди.

Мазкур ҳолат юзасидан мутасаддилар лаборатория ускуналари ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда, корхонада чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш, шунингдек, белгиланган тартибда рухсатномалар асосида текширув ўтказиш бўйича келишувга эришдилар.
Назорат тадбири давомида депутатлар пойтахтимиздаги ҳар бир ишлаб чиқариш корхонасида экологик меъёр ва қоидаларга қатъий риоя этилиши, фуқаролардан келиб тушаётган барча мурожаатлар доимий равишда назоратга олиниши зарурлигини таъкидладилар. Бу пойтахт ҳудудларида атмосфера мусаффолигини таъминлаш, экологияни асрашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА