Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мирмиронда папайя етиштирилмоқда
13:55 / 2017-02-22

Папайянинг ватани қаер, биласизми? Тропик мамлакатлар, дейсизми? Балки шундайдир, аммо бу саволни қашқадарёликларга берсангиз, ҳеч иккиланмай Қарши туманидаги Мирмирон қишлоғи, деган қатъий жавоб оласиз.

Папайянинг ватани қаер, биласизми? Тропик мамлакатлар, дейсизми? Балки шундайдир, аммо бу саволни қашқадарёликларга берсангиз, ҳеч иккиланмай Қарши туманидаги Мирмирон қишлоғи, деган қатъий жавоб оласиз. Тўғрироғи, уста боғбон Улуғбек Қаршиевнинг хонадонини кўрсатишади. Бу омилкор деҳқон цитрус мевалар етиштириш ҳадисини олган. Қаҳратон қиш кунларида ҳам ҳеч қандай иситиш мосламаларидан фойдаланмаслигига нима дейсиз?! Қишлоқдошларининг таъкидлашича, боғбон ҳовлисидаги мўъжазгина иссиқхонада папайя, лимон, апельсин, мандарин, банан етиштираётганига анча бўлган.

Кичкина бир иссиқхонада шунча тропик мева етиштириш мумкинлигига ишонқирамай, фотомухбир билан бирга йўлга тушдик. Мақсад – эшитганларимизни ўз кўзимиз билан кўриш, ишонч ҳосил қилиш. Бордик. Кўрдик...

– Исмим Улуғбек, ишим боғбонлик, – дея хушчақчақлик билан кутиб олди қишлоқда “Улуғбек парникчи” деб танилган мирмиронлик Улуғбек Қаршиев. – Қилаётган ишимизда одамлар айтганидай ҳеч қандай сир, мўъжиза йўқ. Ҳаммаси оддий.

– Папайя етиштиришнинг қандайдир сири бор дейишади? – Сўраймиз ундан.

– Агар шуни сир дейиш мумкин бўлса, ҳа – бу меҳнат, даромад ва яхши яшашга бўлган интилишда. Келинг, яхшиси ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўринг.

Ҳовлига кираверишда 13 сотих ерда узунасига иссиқхона қилинган. Плёнка билан ёпилган. Иссиқхонанинг умумий баландлиги 5 метр. Ички томондан ҳам бир қават юпқа плёнка тортилган. Иссиқхонанинг энг баланд ўрта қисмида узунасига қатор қилиб папайя дарахти экилган. Қиш фасли бўлишига қарамай, меваси шода-шода. Кўринишидан ўзимиз шифтга осиб қўядиган қовунни эслатади. Баргидан иссиқ кунда бемалол елпиғич сифатида фойдаланиш мумкин. Икки томонга лимон, апельсин, мандарин, сал тепароқда 10 тупга яқин банан дарахти кўкка бўй чўзган. Хуллас, ўзингизни гўё тропик юртга тушиб қолгандек ҳис этасиз.

– Мана бу папайя, биз уни “қовун дарахти” деб атаймиз, – дейди Улуғбек. – Унинг меваси кўп хасталикларга даво эканини эшитиб юрардим. Аввалига синамоққа икки туп экдим. Қарасам, баравж ўсаяпти. Мўл ҳосил берди. Битта дарахти 80 донагача мева тугди. Харидоргир. Сўраб келувчилар кўпайди. Шундан сўнг бу антиқа дарахтни кўпайтиришга киришдим. Ҳозир иссиқхонада 24 туп “қовун дарахти”, 200 туп лимон, мандарин ва апельсин кўчатлари бор. Гулларни эстетик завқ олиш учун экканмиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша.

Бугун одамларнинг дунёқараши ўзгараётгани, қаерда бўлмасин, ўз соҳасида бирор янгилик яратишга интилаётгани самарасида юртимизда бир қатор тропик мевалар, жумладан, папайя етиштириш ҳам оммалашиб бормоқда. Маълумотларга кўра, асл ватани Мексика, Марказий ва Жанубий Американинг шимолий ҳудудлари ҳисобланган қовунга ўхшаш мева тугадиган бу дарахтни европаликлар XV асрдан бошлаб етиштира бошлаган. Ушбу дарахтнинг бўйи беш йил ичида тўрт-олти метрга етади, йигирма йил атрофида умр кўради.

– “Қовун дарахти”нинг парвариши унчалик мураккаб эмас, – дейди Улуғбек Қаршиев. – Вақтида озуқасини, сувини бериб, бутаб турсангиз, ёнидан шоналатиб олсангиз, қишнинг совуқ кунларидан асрасангиз бас, ҳосил нақд деяверинг. Аммо кўчатини етиштириш бироз қийин. Шу боис биз ҳам хориждан келтирилган ниҳоллардан экканмиз. Бу жараён эрта баҳорда амалга оширилади. Лекин кўчатлар ерга чуқур илдиз отмайди, ҳатто баланд дарахт бўлганда ҳам. Шунинг учун иссиқхона усти очилгач, кучли шамолдан эҳтиёт қилиш лозим. Тўрт томонга тортиб боғлаб қўйилса, бу муаммо ҳам ҳал бўлади. Кўчатлар экилгач тез улғаяди ва шу йилнинг ўзидаёқ ҳосилга киради.

Маълумотларга қараганда, папайянинг мингдан ортиқ нави бор. Қайси мамлакатда ўстирилишига қараб нафақат мевасининг кўриниши, балки мазаси ҳам фарқ қилади. Бироқ уларнинг барини бир хусусият бирлаштириб туради – тўйимли ва саломатлик учун ғоят фойдали. Папайянинг энг муҳим хусусияти меваси ва барги таркибидаги папаин ферментидир. Буюк британиялик олимларнинг фикрича, папайя ҳатто саратон ҳужайраларини йўқ қилиш хусусиятига ҳам эга экан. Папайяни соф мева ҳолида ёки қуритиб, майдаланган ҳолда истеъмол қилиш мумкин.

Томорқадаги ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш рўзғорга наф келтиришнинг самарали усулидир. Бундан жамият ҳам фойда кўради. Мамлакатимизда томорқачиликни ривожлантириш учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Турли имтиёз ва преференциялар берилмоқда. Зеро, томорқада маҳсулот етиштириш билан шуғулланган киши ўз турмуш фаровонлигини таъминлабгина қолмай, бозор тўкинлигига ҳам ҳисса қўшади. Улуғбек Қаршиев каби узоқни кўра оладиган тадбиркор боғбонлар фаолияти бунга яққол мисолдир.