Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миришкор деҳқон йил давомида ердан даромад олади
11:55 / 2022-03-03

Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг ҳадисини олган миришкорлар кўплаб топилади.

Улар тўрт фаслда бозорларимиз тўкинлиги йўлида самарали меҳнат қилмоқда. Кузда ҳосилдан бўшаган майдонларга совуққа чидамли экинлардан – сабзи, пиёз, қизил лавлаги, кўкатлар тўқсонбости усулида экилиб, айни кунларда йиғиштириб олинмоқда. Эртаки сабзавотлар халқимиз талабини қондириш билан бирга яхшигина даромад манбаидир.  

Ўзбекистон туманидаги “Мўсахон осиё” деҳқон фермер хўжалиги раҳбари Муҳамадали Йўлдошевни доимо далада учратасиз. У сабзавотлардан йилига уч маротабагача ҳосил олади. Хўжалик тумандаги “Қайнар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудининг катта йўл ёқасида жойлашган бўлиб, 11,5 гектар ерида деҳқончилик қилинади.  

–Тажриба сифатида бир гектар майдонга карам, қизил лавлаги, сабзи эккан эдик, икки йилдан буён қўшимча яхшигина даромад оляпмиз, – дейди М. Йўлдошев. – Халқимизда “Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган пурмаъно мақол бор. Бу нақл бежиз айтилмаган, албатта. Ўтган йилда сабзавотларнинг ўзидан 80 миллион сўм даромад кўрдик. Куз ойларида экилган сабзавотлар баҳорнинг илк кунларида пишиб етилди. Иликузди кезларида бундай витаминга бой маҳсулотларга талаб катта. Харидорлар пайкалнинг ўзидан уларни сотиб олмоқда.  


М. Сулаймонов,  ЎзА