French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миришкор деҳқон учун ердан қадрлироқ ва бебаҳо неъмат йўқ
18:40 / 2022-01-18

Андижон вилояти Олтинкўл туманида томорқадан унумли фойдаланиш, иссиқхона ташкил этиш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Жумладан, Кўмакай, Чўнтак, Садда, Сарой, Жалабек, Маслаҳат каби ўнлаб маҳаллалар аҳолиси деҳқончиликнинг ҳадисини олган.

 Кейинги йилларида мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, томорқадан унумли фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу аҳолини мева, полиз ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш, оилалар даромадини ошириш, фуқаролар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Олтинкўл туманида ҳам “Бир маҳалла бир маҳсулот” тамойили асосида 2021 йилда тўққизта маҳаллада мева-сабзавотчилик ва картошкачилик йўналишида муайян ишлар амалга оширилди. 

– Айни кунда туманимизда оилавий бизнесни ташкил этиш, томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига катта даромад олаётган оилалар кўп, – дейди Олтинкўл тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Жўрабек Жабборов. – Жумладан, тумандаги 8 минг 546 та хонадонда иссиқхоналар барпо этилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 171,7 гектарни ташкил этади. Ана шу иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотлар халқимиз дастурхонининг мўллигини таъминламоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида туманда 902 та иссиқхона ташкил этилди.  

[gallery-5484]

Мазкур йўналишдаги ишлар кўлами ва сифати йилдан-йилга ортиб бормоқда. Туманнинг Садда маҳалласида 547 та хонадон соҳиблари ўз томорқасида иссиқхона барпо этган бўлиб, улар йилнинг тўрт фаслида ҳам даромад топаётган миришкорлар ҳисобланади. Масалан, мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Иродахон Исмоилова хонадони иссиқхонадан йилига камида 20 миллион сўм соф фойда олади.  
– Бу ишлар албатта, ўз-ўзидан бўлмайди, – дейди И. Исмоилова. – Хонадонимиздаги мавжуд иссиқхонада асосан, помидор, қалампир, булғор қалампири етиштирамиз. Деҳқончилик билан шуғулланиб, кам бўлмаяпмиз, иссиқхонадан топаётган даромадимиз турмушимизга барака киритмоқда.  

Миришкор деҳқон учун ердан қадрлироқ ва бебаҳо неъмат йўқ. Томорқа соҳибининг самарали меҳнати, интилиши, изланиши билан нафақат унинг ўзи, балки жамият, эл-юрт манфаат кўрмоқда. Жорий йилда тумандаги аҳоли томорқаларидаги 11 гектар майдонда Хитой тажрибаси асосида 834 та енгил типдаги иссиқхона қуриш режалаштирилган. Бунга турли молиявий манбалар ҳамда тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан жами 6 миллиард 429 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, тумандаги 15 та маҳалладаги 8 минг 400 хонадонга жами 80 минг 400 туп узум кўчати экиш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 6 минг 900 хонадонда 66 минг тупдан зиёд узум кўчатлари экилди. Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022 йилда туманда қўшимча яна битта «Томорқа хизмати кластери» ташкил этилади. «Бир маҳалла бир маҳсулот» тамойили асосида жорий йилда яна 9 та маҳаллада мева-сабзавотчилик, полиз ва картошкачилик йўналишлари бўйича ишлар амалга оширилиши белгиланган. Айни кунда бу борада режа асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда.  

Бир сўз билан айтганда, бугун туманда томорқадан унумли фойдаланиш борасида юқоридаги каби ибратли ишлар олиб борилмоқда. Ана шу саъй-ҳаракатлар халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш, юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалишига хизмат қилмоқда.  



Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, 
З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА