Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мираки сайёҳларнинг севимли масканига айланади
09:48 / 2024-06-11

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Мираки ҳудудига бир йил олдин келган киши унинг бугунги қиёфасини танимай қолиши тайин. Илгари Миракига келган сайёҳлар фақатгина табиатидан баҳра олиб, овқатланиб кетиш имконига эга эди.

Эндиликда ҳудудда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида янги-янги туристик йўналишлар фаолияти йўлга қўйилмоқда.  

Маълумки, яқинда Шаҳрисабз шаҳри Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг “2024 йилдаги туризм пойтахти”, деб эълон қилинди. Шунингдек, Туризм ҳафталиги доирасида Шаҳрисабз туманининг Мираки маҳалласига “Туризм маҳалласи” мақоми берилди. Бинобарин, тумандаги сўлим бу маскан бугунга қадар ҳам маҳаллий сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган масканлардан бири бўлиб, кейинги йилларда ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш долзарб вазифага айланганди. Шу нуқтаи назардан, ҳудудда бошланган улкан бунёдкорлик ишлари унинг ҳақиқий туристик масканга айланишига катта ҳисса қўшмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрдаги тегишли қарори билан Шаҳрисабз туманида “Шаҳрисабз туристик маркази” ташкил этилган, – дейди Қашқадарё вилояти туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти раҳбари Муҳаммадхон Абдулхаиров. – Шу марказда 240 гектар ер майдонида халқаро экспертларни жалб қилиб, мастер режа ишлаб чиқилган. Унинг доирасида 117 миллион долларлик 48 та меҳмонхона, меҳмон уйлари ва аҳоли дам олиш масканлари қурилиши режалаштирилган. Натижада 1,7 мингта янги иш ўрни яратилиши мўлжалланган. Шундан ҳозир биринчи босқичда 22 гектар майдон аукцион савдоларига чиқарилган. Ушбу ер майдонларини тадбиркорлар Президент қарори билан белгиланган имтиёзлар асосида 10 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан олмоқда. Шундан ҳозир 60 миллион долларлик 1100 ўринли иккита меҳмонхона, 3 та хостел, иккита ресторан ва савдо кўнгилочар комплекси қурилиши бошланди. Яна 15 миллион долларлик 10 та қурилиш лойиҳаси бошланиши арафасида. Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам Шаҳрисабз туристик марказига алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз томонидан 30 миллион доллар маблағ Шаҳрисабздаги инфрастуруктура учун йўналтирилди. Яъни бу маблағ эвазига Самарқанддан Қашқадарёга келадиган Чироқчи туманидан ўтган 30 километрлик йўл таъмирланади. Бундан ташқари, Ҳисорак-Сарчашма ва Ҳисорак-Ғелон йўллари икки тасмали йўл бўлиб, янгидан қурилади. Бу ҳам Шаҳрисабз туманига ташриф буюрувчи сайёҳларнинг келишига қулайлик яратади.  

Жумладан, айни кунларда ҳудуддаги “Ҳисорак” сув омбори атрофи ҳам сайёҳлар билан гавжум. Кишига завқ бераётган экстремал дор йўли ва халинчакли майдон айнан давлатимиз раҳбарининг Шаҳрисабзни туризм масканига айлантириш билан боғлиқ ташаббуси асосида йўлга қўйилиб, ҳозир бу ташаббус ўзини оқламоқда.  

– Биз Бухоро вилоятидан келдик дам олгани, – дейди Жонигул Арзиева. – Ҳар йили келамиз Шаҳрисабзга, лекин бу йил ўзгаришлар жуда катта. Мазза қилиб оилавий айланяпмиз. Ҳаммаси ажойиб.  

Давлатимиз раҳбари раислигида 3 июнь куни ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган  видеоселектор йиғилишида ҳам ҳудуддаги ишлар хусусида тўхталиб ўтилди. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, айни дамда ҳудудда лойиҳа қиймати 60 миллион долларлик 1100 ўринли 2 та меҳмонхона, 3 та хостел, 3 та ресторан, савдо кўнгилочар комплекс ва 1,7 километр узунликдаги дор йўли лойиҳаларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш керакки, бунга қадар Шаҳрисабзда сайёҳларни ўзида кўпроқ олиб қолишга ундайдиган контентлар кам эди.  Шу боис, Шаҳрисабз тумани Ҳисорак сув омбори ҳудудида 2 та 20 ўринли катерда саёҳат хизмати ташкил этилиб, янги туризм маршрути яратилди.  

– Энди чет элларга саёҳат қилишга ҳожат йўқ, ўзимизда ҳам сувда саёҳат қилиш имконияти яратилган, – дейди Дилором Хушвақтова. – Завқ беради кишига. Бугун дўстларимиз билан келганмиз. Оилавий келишни ҳам режа қилиб қўйдик.

Белгиланган режага мувофиқ ҳудудга хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда Шаҳрисабз тумани Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари орасида 3 минг гектарли тоғ-чанғи мажмуаси ташкил қилинади. 33 километрли Ҳисорак – Ғелон ва Ҳисорак – Сарчашма йўли кенгайтириб, таъмирланади. Албатта, буларнинг барчаси вилоятда туризм салоҳиятини ошириш, бу орқали янги сайёҳлик масканлари ташкил этиш, пировард натижада аҳолининг иш билан таъминланганлик даражаси ҳам ошишига хизмат қилади. 

[gallery-17781]

Дарҳақиқат, Шаҳрисабз туманида туризмнинг барча турларини ривожлантириш учун катта потенциал мавжуд ва буни “Саёҳат манзиллари” рукнидаги мақолаларимизда ҳам таъкидлаганмиз. Келгусида ҳудуд бунданда кўркам бўлиб, сайёҳларнинг энг севимли масканларидан бирига айланишига умидвормиз.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),

ЎзА мухбирлари