Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Минтақавий вакил махсус даволаш колониясида бўлди
11:57 / 2022-11-05

Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова вилоятдаги сил касаллигига чалинган маҳкумлар сақланадиган 20-сонли махсус даволаш жазони ижро этиш колониясида бўлди.

Вакил маҳкумлар мурожаатларини ўрганиш мақсадида ушбу муассасага мониторинг ишларини амалга оширди. Дастлаб тиббиёт бўлимига кириб, маҳкумларга яратилган шароитлар, тиббиёт ходимларининг хизмат хоналари, бемор маҳкумлар сақланадиган палаталар ҳамда руҳий тинчлантириш хонасидаги шароитлар билан танишди. Муассасада етарли дори-дармон воситалари, лабораториялар, техник жиҳозлар, жумладан рентген аппарати, стоматолог иш столи ва бошқа керакли воситалар фойдаланишга яроқли ҳолатда эканлиги аниқланди.

Сўнг минтақавий вакил колонияда маҳкумлар учун мўлжалланган ошхона ва маҳкумларга овқат тайёрлаш жараёни, таомнома билан танишди. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш жойлари кўздан кечирилди.

Колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг яқин қариндошлари билан қисқа ва узоқ муддатли учрашувларга мўлжалланган хоналар ҳам кўздан кечирилди. Чунки махсус колонияда соғайган маҳкумлар дарҳол ажратилиб, уларнинг саломатлиги текшириб турилади. Уларнинг яқинлари келиб маҳкум билан учрашишлари мумкин. Изоляцияланган маҳкумларга узоқ муддатли учрашувларга рухсат берилмайди. Бу тартиб уларнинг оила аъзоларининг соғлиғини сақлаш мақсадида жорий этилган.

Маҳкумларнинг ариза ва шикоятлари учун мўлжалланган “Омбудсман қути”ларидан мурожаатлар олиниб, ўрганиш учун олиб кетилди.

Колонияда жазо ўтаётган маҳкумлар билан сайёр қабул ўтказилди. Мурожаатлари бўйича санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилинган ҳолда бирма-бир суҳбатлашилди. Мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Омбудсманнинг Бухородаги минтақавий вакили колонияда ишлайдиган ходимлар билан ҳам суҳбатлашди. Уларга қонунчиликда белгиланган шароитлар яратиб берилганлиги, ойлик иш ҳақларини тўланишида кечикишлар йўқми, деган саволларга жавоб олинди.

Ўрганиш якунларига кўра, колонияда жазо ўтаётган маҳкумлар шу ерда хўжалик ишларига жалб этилиб, жазо ўтаётган маҳкумларга яратилган шароитлар юзасидан камчиликлар аниқланмади.  

 

Зариф Комилов,ЎзА