Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Минтақавий ва халқаро тенденциялар ва уларнинг аҳамияти
15:44 / 2021-08-28

“Таълим сифати” тушунчаси кенг қамровли бўлиб, таълим олувчи миқёсида таълим мазмуни (билим, фаолият юритиш усуллари, ижодий фаолият тажрибаси, ҳиссий-аҳамиятли муносабатлари)ни ўзлаштириш, индивидуал имкониятлари, таълим-тарбия интилишлари ва мақсадларига мувофиқ таълим жараёнининг турли босқичларида эришадиган жисмоний, психик, ахлоқий ва фуқаролик ривожланишнинг маълум бир даражаси тушунилади.

Таълим сифатини бошқариш деганда лойиҳалаштиришни таъминлаш, таълим жараёнлари шароитларига эришиш ва қўллаб-қувватлаш, уни амалга ошириш ва бунинг натижалари тушунилади. Бугунги кунда таълим сифатини назорат қилиш бўйича «Европа ҳудудида Олий таълим сифатини кафолатлаш стандартлари ва кўрсатмалари» (ENQA), Сифат менежменти бўйича Европа фонди стандартлари (EFQM) ва ISO 9000:2000 серияли сифат менежменти бўйича стандартлар (ГОСТ Р ISO 9000–2001) каби халқаро ташкилотлар ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ўзбекистон таълим тизимига ISO 9001:2000 ни қўллаш бўйича истиқболга мўлжалланган дастурлар амалга оширилмоқда.

Дунёда таълимнинг бешта сифат босқичи мавжуд. Булар фаолиятга, жараёнга, тизимга, занжирсимон тизимга йўналтирилган ҳамда умумий сифат менежменти. Ҳар бир сифат даражаси oлий таълим муассасасининг такомиллашганлик даражасини аниқловчи саволлар ва воситалар орқали аниқланади.Бу бешта такомиллашиш даражаси ўсишнинг йўналиши ёки бошқа сўз билан айтганда, такомиллашиш учун йўналиш, бунда ОТМ барча беш даражани тартиб бўйича, кетма–кет, биринчидан бошлаб ва такомиллашишнинг охирги энг юқори даражаси билан тугатади. Ҳар бир мезонда «Деминг цикли» (Plan – Do – Cheсk – Act) амалга оширилади, яъни доимий такомиллашиш жараёнини кўзлайди. Мазкур цикл ОТМ ларда сифатни таъминлашда методологик асос сифатида хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасида жорий қилинаётган таълим тизимининг миллий модели таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва мамлакатимизга хос бўлган жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Мамлакатимизда таълим тизимининг миллий моделини шакллантириш босқичма-босқич амалга оширилмокда. Бунинг натижасида янги таълим тизими такомиллаштирилиб борилмокда. Ушбу жараён узлуксиз ҳисобланади. Бир тарафдан жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, иккинчи тарафдан дунёда рўй бераётган глобаллашув жараёни янги шарт-шароитларни, ўзгаришларни вужудга келтирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909-сонли қарорида минтақавий ва халқаро тенденциялар доирасида олий таълимнинг долзарблиги ва унинг сифатини таъминлашмақсадида олий таълим тизимини келгусида янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш бўйича ҳар бир олий таълим муассасасининг жаҳондаги етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини кенг жорий қилиш, янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ва уларни олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, педагог кадрларнинг касб маҳорати сифати ва савиясини узлуксиз юксалтириш, хорижда педагог ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш ва стажировкасини ўтказиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD ва магистратура дастурлари бўйича ўқитиш, олий таълим муассасалари моддий-техника базасини ўқув ва илмий-лаборатория бино ва корпуслари, спорт иншоотлари, ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш каби бир неча устувор вазифалар белгиланди.

Юқоридаги вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш аввало олий таълимда намунавий ўқув режа, намунавий фан дастурлари ва давлат таълим стандартларини иш берувчиларнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш, шаффофлик ва адолатни таъминлаш мақсадида талабалар билимини баҳолашнинг кредит тизимини босқичма-босқич жорий этиш,олий таълим тизими сифатининг мониторингини замонавий талаблари асосида шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Минтақавий ва халқаро тенденциялар доирасида олий таълимнинг долзарблиги ва унинг сифатини таъминлашга тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу муаммолар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775–сонли “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида келтирилган ва уларни бартараф этиш механизми белгилаб берилган. Хусусан:

биринчидан, олий таълим тизимида ўқитишни ташкил этиш жараёни, таълим олаётган талабалар билимини баҳолаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти;

иккинчидан, профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини, билимини ва педагогик кўникмасини баҳолашнинг замонавий тизими мавжуд эмаслиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда;

учинчидан, олий таълим муассасаларига кириш тест саволлари абитуриентнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини аниқлаш имконини бермаётганлиги иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига қабул қилишда муаммолар келтириб чиқармоқда;

тўртинчидан, олий таълим муассасаларидаги таълим жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг ўрнатилмаганлиги ушбу соҳада кўплаб муаммоларнинг, энг аввало, коррупция ҳолатларининг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда;

бешинчидан, олий таълим муассасаларининг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ва тизимли ўзгаришлардаги иштироки ҳамда ташаббускорлиги сезилмаяпти, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолияти ҳанузгача қониқарсиз бўлиб қолмоқда;

олтинчидан, республикамизда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга, кенг жамоатчиликка тушунтиришда олий таълим муассасаларининг фаол иштироки йўлга қўйилмаган;

еттинчидан, олий таълим муассасалари инновацион ва технологик ғоялар билан фикр алмашадиган мулоқот марказларига айланмаган, тегишли соҳаларда мавжуд муаммо ва камчиликларни тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклиф киритиш борасида профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабаларнинг ташаббус кўрсатишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмаган.

Юқоридаги таъкидланган мулоҳазалардан келиб чиқиб, олий таълим тизимининг сифатига таъсир этувчи омиллар. Булар ўқув жараёни сифати, ррофессор-ўқитувчиларнинг педагогик маҳорати ва илмий салоҳияти, Олий таълим муассасасининг моддий-техник таъминоти сифати, Олий таълим муассасасининг сифат сиёсати, Таълим маркетинги хизматлари сифати, Олий таълим муассасаси раҳбариятининг маъмур менежерлик сиёсати, Битирувчиларнинг сифати, ОТМларни молиялаштириш сифати, ОТМларга кирадиган абитуриентларнинг сифати, АРМ ва кутубхона хизмати сифати.

Таълим сифати муҳим категориялардан бири бўлиб, унга мувофиқ халқаро амалиётда беш асосий йўналиш ажратилади: биринчидан, таълимнинг сифатини таъминлаш – олий ўқув юртининг нуфузини ошириш, чунки бундай олий ўқув юртининг битирувчиси меҳнат бозорида қулайроқ мавқега эга бўлади;иккинчидан, таълим стандартларига мувофиқлик; учинчидан, мижозни қаноатлантирувчи таълимгина сифатли ҳисобланиши мумкин;тўртинчидан, истеъмолчи сифатни белгилайди ва унинг ҳар қандай истаги бажо келтирилади. Энг муҳими, олий ўқув юрти бунга пул олади; бешинчидан, олий ўқув юрти жамиятга, ўзи жойлашган минтақага фойда келтиради.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда минтақавий ва халқаро тенденциялар доирасида олий таълимнинг долзарблиги ва унинг сифатини таъминлаш: олий таълим тизимида малакали ва рақобатбардош кадрларни тайёрлаш долзарб ижтимоий-иқтисодий масала бўлиб, олий таълим тизимида мутахассисларни тайёрлаш жараёнига хорижий тажрибаларни татбиқ этиш ва ахборот коммуникация технологиялардан фойдаланиш, олий таълим тизимни бошқаришнинг замонавий модернизациялашган корпоратив ҳамкорликни ривожлантириш, таълимнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, таълим муассасаларининг таълим жараёнини ташкиллаштириш ва молиявий-хўжалик фаолиятини юритишдаги ҳуқуқ ва эркинлигини кенгайтириш бугунги куннинг долзарб масаласи саналади.

А.Р.Ҳамроев,

Бухоро давлат университети

Бошланғич таълим методикаси

кафедраси мудири,

педагогика фанлари доктори.

Қ.Р.Тўхсанов,

Бухоро давлат университети

Мактабгача ва бошланғич

таълим факультет декани