Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров Еврокомиссиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича делегацияси билан учрашди. Учрашувда Транскаспий халқаро транспорт йўлагини мувофиқлаштириш платформаси доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Делегация вакилларига мамлакатимизда транспорт ва логистикани ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Маманбий Омаров Ўзбекистон барқарор, ишончли ва хавфсиз транспорт тармоқларини яратишга инвестициялар жалб этиш бўйича Европа Иттифоқи ташаббусларида фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Бунда минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳаларга алоҳида аҳамият қаратилади.
Шу нуқтаи назардан “Қизилўрда-Учқудуқ” темир йўл линияси лойиҳаси Ўзбекистонга ҳам, Қозоғистонга ҳам салмоқли иқтисодий фойда келтириб, савдо алоқаларини рағбатлантиради ва минтақавий интеграцияни ривожлантиради. Шу боис, у устувор йўналиш ҳисобланади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон транспорт вазирликлари Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ва бошқа халқаро молия ташкилотларига мазкур лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини молиялаштириш бўйича таклифларини тақдим этган.
Делегация вакиллари Транскаспий халқаро транспорт йўлаги бўйича яратилган мувофиқлаштириш платформаси Марказий Осиё ва Европани яқинлаштиришга қаратилган ҳамкорликда муҳим қадам эканлигини таъкидлади.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА