Муносабат

Кейинги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги саҳифа очилди. Мамлакатимиз очиқ, фаол ва конструктив йўлни танлади. Бу фикрларимизга яққол мисол Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши ҳамда “ШҲТ плюс” саммитида билдирган ташаббусларида ҳам кўринди.
Давлат раҳбарининг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокараларида ҳам Ўзбекистоннинг нуфузи ортиб, обрўси жаҳон майдонида тобора мустаҳкамланаётгани яна бир бор намоён бўлди.
ШҲТ Евросиё маконидаги энг йирик ва таъсирли сиёсий-иқтисодий тузилма сифатида дунёдаги долзарб муаммолар юзасидан умумий ечимлар ишлаб чиқиш, ҳамкорликни чуқурлаштириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим платформа ҳисобланади. Ўзбекистон бу жараёнда фақат иштирокчи эмас, балки ташаббускор давлат сифатида фаолият олиб бормоқда.
Хусусан, Президент нутқида тинчлик, барқарорлик ва адолатли халқаро тартиботни таъминлаш масалаларига алоҳида урғу берилди. У Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги муносабати билан тарихдан сабоқ олиш ва тинчликни асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлар экан, бу фикрлар нафақат декларатив, балки Ўзбекистон ташқи сиёсатининг амалий асосидир.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз нутқида халқаро муносабатларда қонунийлик, суверенитетга ҳурмат ва дипломатик мулоқот асосида муаммоларни ҳал қилиш зарурлигини қайд этди. Ғазо секторидаги инқироз ва Яқин Шарқдаги зиддиятларга тўхталар экан, “икки халқ – икки давлат” тамойилини адолатли ечим сифатида кўрсатди. Бу – Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқ ва инсонийлик принципларига содиқ эканини яққол ифода этади.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат кун тартибида Афғонистон масаласи доим марказий ўринни эгаллаб келмоқда. Президентнинг саммитдаги чиқишида ҳам бу масала алоҳида урғуланди: Афғонистон билан мулоқотни кучайтириш, уни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этиш ва иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлаш ШҲТ учун устувор вазифа бўлиши лозимлиги таъкидланди. Бу орқали Ўзбекистоннинг “инклюзив тинчлик” (барча томонларни қамраб олган тинчлик) ғояси яна бир бор намоён бўлди. Яъни, муаммолардан четлашиш эмас, балки мулоқот орқали тинч ва ижобий ечимлар топиш сиёсатини амалга ошириш зарурлиги кўрсатилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари жаҳон хавфсизлигига таҳдид солаётган янги омиллар – иқлим ўзгариши, киберҳужумлар, энергетика инқирози ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари, миграция билан боғлиқ масалаларга тўхталиб, ШҲТ доирасида комплекс ёндашувларни жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Бу борада Душанбеда Наркотикларга қарши марказ, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси базасида хавфсизлик бўйича Универсал марказ яратилгани эътироф этилди. Шунингдек, 2026 йилда Тошкентда мамлакатларимизнинг ваколатли органлари раҳбарлари, етакчи эксперт ва тадқиқотчилар иштирокида биринчи “Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс мулоқоти”ни ўтказиш таклифи – Ўзбекистоннинг хавфсизлик соҳасидаги сиёсий ташаббускорлигини кўрсатади.
Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбари ШҲТ доирасидаги иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш мақсадида бир қатор амалий таклифларни илгари сурди. Хусусан, “ШҲТ Инвест” форумини ҳар йили ўтказиш, электрон савдо, саноат кооперацияси ва стандартларни яқинлаштириш, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини Трансафғон йўлаги билан боғлаш ҳамда сунъий интеллект, робототехника ва биомуҳандислик соҳаларида “ШҲТ инновацион хаблар” тармоғини яратиш шулар жумласидан.
Шунингдек, Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи доирасида Си Цзиньпин билан ўтказилган музокаралар икки давлат ўртасидаги алоқалар тарихида янги саҳифа очди. Энг муҳими, бу ҳамкорлик фақат давлатлараро даражада эмас, балки иқтисодий, илм-фан, технология, таълим ва маданият соҳаларида чуқур интеграцияни кўзда тутади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу ташриф ва мулоқотлар мамлакатимизнинг минтақавий барқарорлик, глобал хавфсизлик, иқтисодий интеграция ва инновацион тараққиёт масалаларида фаол, ташаббускор ва амалий иштирокчи эканини кўрсатди. Хусусан, тинчликпарвар ёндашув, Афғонистон бўйича инклюзив сиёсат, хавфсизлик соҳасидаги янгича механизмлар ва стратегик лойиҳаларни илгари суриш Ўзбекистоннинг глобал миқёсдаги нуфузи ортиб бораётганидан далолатдир.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА
--0--
ИА