Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Минтақавий мулоқот фақат фикр алмашиш эмас, балки амалий таклифлар майдони бўлди
12:40 / 2025-11-13

Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотининг мажлиси доирасида бешта сессия бўлиб ўтди.

Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон парламенти ҳамда жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳар бир мавзу бўйича амалий таклифларни илгари сурди. 

“Қарор қабул қилиш жараёнида аёлларнинг иштироки: ҳуқуқлар, имкониятлар ва масъулият” мавзусидаги сессияда “БМТ-аёллар” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси раҳбари Черен Гювен Гюреш минтақада аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги иштироки ортиб бораётганини қайд этди, аммо кенг кўламли ислоҳотлар ҳали ҳам давом этиши зарурлигини таъкидлади.

Сўзга чиққанлар хотин-қизларнинг сиёсатдаги иштироки учун қонуний кафолатларни янада мустаҳкамлаш зарурлиги ҳамда аёлларнинг сиёсий фаоллигини чеклаётган маданий, ижтимоий ва иқтисодий омилларни бартараф этишга урғу берди.

Аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, сиёсий таълим ва лидерлик дастурларини кенгайтириш, фаол фуқаролик позициясига эга қизлар ва аёллар жамоаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилди.

“Марказий Осиёда аёллар тадбиркорлиги – иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорлик манбаи” мавзусидаги сессияда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун қонуний ва институционал механизмларни мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратилди. 

Молиявий ресурсларга етишишдаги тўсиқларни камайтириш, бизнесни рақамли иқтисодиёт ва экспорт бозорларига интеграция қилиш, минтақавий қўшма стартаплар ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини юритишда гендер стереотиплар ва ижтимоий тўсиқларни бартараф этиш бўйича фикрлар билдирилди.

Аёллар тадбиркорлиги учун қўшимча имкониятлар яратиш, ўқув дастурлари, бизнес-коучинг, грантлар, экспорт қўллаб-қувватлови каби амалий чора-тадбирларни кучайтириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

“Аёллар салоҳиятини оширишда таълим ва репродуктив саломатлик сиёсати” мавзусидаги сессияда қизлар ва аёлларнинг замонавий билимлар, STEM, рақамли технологиялар ва тадбиркорлик соҳаларида таълим олиши муҳим экани қайд этилди.

Минтақада таълим дастурлари, телемедицина ва онлайн таълим платформаларидан фойдаланиш, қишлоқ ва шаҳар аёллари ўртасида имкониятлар тенглигини таъминлаш, давлатлар ўртасида кадрлар алмашинуви ва тажриба алмашишни кучайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

“Инновациялар, оммавий ахборот воситалари ва иқлим сиёсатида аёллар иштироки – имкониятлар ва тўсиқлар” мавзусидаги сессияда аёлларнинг раҳбарлик ва илмий-амалий лойиҳаларга тайёргарлигини ошириш, медиасаводхонлик ва инновация соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш ҳамда барқарор ва инклюзив жамият қуришда уларнинг иштироки учун аниқ таклифлар тақдим этилди. 

“Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва ҳуқуқий ҳимоя” мавзусидаги сессияда Оилада зўравонликнинг олдини олишга қаратилган қонунлар, ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Сессия якунида аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ҳамда минтақа давлатлари ўртасида тизимли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди. 

Муҳими сессияларда билдирилган амалий таклифлар Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотининг мажлиси якунида қабул қилинган декларацияда ўз аксини топди. 

Н.Абдураимова,

ЎзА